«UzAuto Motors» 1,9 трлн сўмлик божхона имтиёзлари ва преференциялар олди
«UzAuto Motors» 2021 йилнинг олти ойида 1,9 триллион сўмлик (177,6 миллион доллар) божхона имтиёзлари ва преференцияларини олди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, гап Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан таъминланган божхона божи, акциз ва ҚҚС бўйича имтиёзлар ҳақида кетмоқда.
2021 йилнинг биринчи ярмида «UzAuto Motors»га 1,9 триллион сўмлик божхона имтиёзлари ва преференциялари (Марказий банкнинг 7 сентябрдаги курси бўйича 177,6 миллион доллар) тақдим этилди. Бу маълумотлар Давлат божхона қўмитаси рўйхатида акс этган.
Маълум қилинишича, автомобиль ишлаб чиқарувчи жами 1,9 триллион сўм имтиёзларни олди, шу жумладан, божхона божи — 1,64 триллион сўм, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) — 255,6 миллиард сўм, акциз солиғи — 356,7 миллион сўм.
Биринчи чоракда «UzAuto Motors»га 747,9 миллиард сўмлик имтиёзлар берилди: божхона божи бўйича — 650,3 миллиард сўм, ҚҚС — 97,2 миллиард сўм, акциз солиғи — 356,6 миллион сўм. Иккинчи чоракда компания 1,1 триллион сўмни тежади: божхона божи бўйича — 993,8 миллиард сўм, ҚҚС — 158,4 миллиард сўм, акциз солиғи — 127,1 минг сўм.
Эслатиб ўтамиз, ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига қарамай, 2021 йилнинг олти ойи якунларига кўра, «UzAuto Motors» соф фойдасини деярли 70 фоизга — 902,6 миллиард сўмга (84,6 миллион доллар) оширган.