АҚШда 11 сентябрдаги терактни содир этишда айбланаётганлар устидан қайта суд жараёни бошланди
Гуантанамода 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактларни уюштиришда гумон қилинган беш киши устидан суд жараёни қайта бошланди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Нашрда ёзилишича, асосий гумонланувчи Кувайт фуқароси Холид Шайх Муҳаммад ва унинг тўртта шериги бўлиб, Кубадаги Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасида ўтказилган судгача бўлган суд мажлисига келган.
Таъкидланишича, коронавирус пандемияси сабаб бўлган 17 ойлик танаффусдан кейин иш янги судья билан қайта кўриб чиқилади. Муҳаммаднинг адвокати сўзларига кўра, ушбу суд иши тугашига яна 20 йил вақт кетиши мумкин.
Қайд этилишича, суд жараёнининг ўзи АҚШ ҳарбий трибунали ва АҚШ федерал жиноий суд тизими аралашувидан иборат. Ҳакамлар ҳайъати сингари судья ва прокурорлар ҳам АҚШ ҳарбийларидир.
Аввалроқ АҚШда 11 сентябрдаги теракт билан боғлиқ баъзи маълумотларни очиқлаш таклиф қилинганди. Шунингдек, Кобулда содир бўлган теракт тафсилотлари маълум қилинган.