АҚШнинг афғон қочқинлари жойлашган базасида юқумли касаллик аниқланди
АҚШнинг эвакуация қилинган афғонларни қабул қилувчи Форт-Маккой ҳарбий базасида қизамиқ билан касалланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Fox News» хабар берди.

Қайд этилишича, бемор билан алоқада бўлганларнинг ҳаммаси изоляция қилинган ва ҳудуд бўйлаб профилактика чоралари кўрилган. Таъкидланишича, база маъмурияти қочқинларни жойлаштиришни вақтинча тўхтатган. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг маълумотларига кўра, Афғонистон қизамиқ билан касалланиш бўйича дунёда еттинчи ўринда туради. АҚШ бу мамлакатдан 124 минг кишини, шу жумладан, 6000 нафар Америка фуқаросини эвакуация қилган. Давлат департаментининг қайд этишича, мамлакат ўз ҳудудида 40 мингга яқин эвакуация қилинган афғонларни қабул қилган.
Аввалроқ АҚШда мамлакатга олиб келинган 200 га яқин афғонистонлик шубҳа остига олинганди. Шунингдек, АҚШ афғон қочқинлари орасидан вояга етмаган «келинлар»ни қидиришни бошлаган.