Бухорода қарздорлиги бор фуқаронинг автомобили сотувга қўйилди
Бухоро вилояти Когон туманида микроқарз шартномаси асосида қарздорлиги бор фуқаронинг автомобили сотувга қўйилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, Когон туманида яшовчи Г.Ш. микрокредит ташкилотидан нотариал тартибда микроқарз шартномаси асосида 11 миллион сўм қарз олган. У микроқарз сифатида олинган пул маблағи фоизларини ўз вақтида қайтармаган ва шартнома бўйича мажбуриятини бажармаган.
Таъкидланишича, аёлнинг жами 15,2 миллион сўм қарзини ундириш тўғрисидаги нотариуснинг ижро хати Мажбурий ижро бюроси Когон тумани бўлими иш юритувига топширилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор Г.Ш. номида «Cobalt» русумли автоулов мавжудлиги аниқланиб, қидирув эълон қилинган. Шунингдек, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозирда қайд этилган автомашина баҳоланиб, «E-ijro auksion» электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилнинг 7 ойида МИБ томонидан давлат фойдасига қанча маблағ ундирилгани айтилгани хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда қарздорлиги бор фуқаро хорижга чиқиш тартиби бўйича маълумот берилган.