Ливияда ИШИДнинг юқори мартабали етакчиси қўлга олинди — фото
Ливия ғарбида ИШИД террорчилик гуруҳининг юқори мартабали етакчиси ҳибсга олинди. Бу ҳақда «РИА ФАН» хабар берди.

Маълум қилинишича, террорчилик гуруҳининг Имбарек ал-Ҳазми исмли етакчисини ҳибсга олиш маҳаллий хавфсизлик идоралари ходимлари томонидан амалга оширилган. Операция Ливия бош прокуратураси билан келишилган ҳолда Бани Валид шаҳрида ўтказилган. Ҳибсга олинган жангари ИШИД аъзоларининг Ливия ғарбидаги фаолиятига масъул бўлган. У 2017 йилда Ливия ҳукумати томонидан ўта хавфли террорчи сифатида қидирувга берилган.
Таъкидланишича, Ливия ўтиш даври ҳукуматининг бош вазири Абдулҳамид Дабиб ўзининг Twitter’даги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мазкур операцияларини юқори баҳолаган.


«ИШИДнинг биринчи рақамли етакчиларидан бири Имбарек ал-Ҳазмининг ҳибсга олиниши хавфсизлик кучларимизнинг терроризмга қарши курашидаги катта муваффақиятидир», — деган у. Шунингдек, Дабиб экстремистик ташкилот аъзоларини топиш ва қўлга олиш бўйича операцияларни давом эттиришга умид билдирган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати ИШИДга қарши ҳужум бошлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Мисрда ИШИД фойдасига жосуслик қилган 3 киши ўлимга ҳукм қилингани маълум қилинган.