Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий хабарларини ўқиётган бўлиши мумкин
Facebook ижтимоий тармоғи WhatsApp мессенжеридан фойдаланувчиларнинг шахсий хабарларини ўқиётган ва бошқалар билан алмашаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда мустақил «ProPublica» нотижорат янгиликлар хизмати ҳисоботида маълум қилинди.

Хабар берилишича, «Facebook» компанияси бутун дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ шартнома асосида фаолият олиб борувчи ходимларига ушбу махфий ва шифрланган хабарларни ўқиш учун пул тўлайди. Шунингдек, ижтимоий тармоқ шахсий маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, масалан, АҚШ Адлия вазирлигига топширади. Аммо Facebook раҳбари Марк Цукерберг мессенжер хабарлари уларга кўринмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
«Бу гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. WhatsApp’нинг Остин, Техас, Дублин ва Сингапурдаги офиси биноларида 1000 дан ортиқ ишчилар бор, у ерда фойдаланувчиларга тегишли миллионлаб контент ўрганилади», — дейилган «ProPublica» ҳисоботида.
Қайд этилишича, фойдаланувчи «шикоят қилиш» тугмачасини босганида назарий жиҳатдан бузилган платформа қоидалари билан бир қаторда ўша фойдаланувчининг видео ва фотосуратлари ҳам шифрланмаган ҳолда компания офисига юборилади. Шахсий ёзишмалардаги бир нечта хабарларга қўшимча равишда ходимлар шифрланмаган бошқа маълумотларни ҳам кўради, масалан, фойдаланувчининг телефон рақами ва қурилмасининг қувват даражаси каби.
Таъкидланишича, ҳар бир ёрдамчи ходим кунига 600 тагача шундай шикоятларни кўриб чиққан ҳолда фойдаланувчининг шахсий маълумотлари билан танишиш учун камида бир дақиқа вақт ажратади.
Аввалроқ Facebook капиталлашуви биринчи марта 1 триллион доллардан ошгани айтилган. Шунингдек, Трамп мамлакатларни Twitter ва Facebook’ни блоклашга чақирганди.