Фарғонада жиноий жавобгарликка тортилган ИИБ бошлиғи оқланди
Фарғона вилояти Бағдод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Фурқат Камолов суд ҳукми билан оқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ «Bugun.uz» мухбирига маълум қилди.

Қайд этилишича, Фурқат Камолов 2010 йилдан 2014 йил июнь ойига қадар туман ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланган. Туман ҳокимининг 2009 йил 9 июлдаги қарорига асосан ташкил этилган «Бағдод қалқонлари» ёрдамчи хўжалиги учун ажратилган 12 гектар ерни фойдаланиш учун бир нечта фуқароларга сотиб юборгани даъво қилинган.
Баён қилинишича, унга туман деҳқон бозорида ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо дўкони қуриб, М.Қ.га 14 миллион сўмга сотиб юборганлик, дўкон ижараси учун 2012 йил апрель ойидан 2014 йилга қадар ҳар ойда 126 минг сўмдан тўловни амалга оширмай, «Деҳқон бозори» МЧЖга жами 2 миллион 646 минг сўм зарар етказганлик каби бир қатор айбловлар ҳам қўйилган. Шундан сўнг у 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, турли моддалар асосида жарима жазоси билан судланган.
Маълум қилинишича, ишда аниқланган ҳолатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмасига қараганда, туман ички ишлар бўлими бошлиғини ёрдамчи хўжалик учун ажратилган ер майдонини сотиб юборганини исботловчи бирорта далил келтирилмаган. 2012–2013 йиллар давомида «Бағдод қалқонлари» ёрдамчи хўжалиги белгиланган давлат режасидан ортиқ дон маҳсулоти топширган, давлат ва жамоат манфаатига зарар етказилмаган. Шунингдек, дастлабки тергов ва суд томонидан Фурқат Камоловнинг айнан қайси расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, қалбакилаштиргани ва улардан фойдалангани аниқланмаган.
Таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 22 октябрдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, у жавобгарликдан озод қилинган. Шунингдек, ундан суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган 33 миллион 636 минг 750 сўм жарима пули қайтарилиши белгиланган. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида Фурқат Камоловнинг шикояти кўриб чиқилган.
Хабар қилинишича, очиқ суд ишида жиноят иши бир томонлама кўрилиб, фақат туман ички ишлар бўлими бошлиғини айблаш нуқтаи назаридан олиб борилгани маълум бўлган. Фурқат Камоловга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2015 йил 16 мартдаги ҳукми бекор қилинган.
Унинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан жиноят иши тугатилди ҳамда айбсиз деб топилиб, оқланди.
Аввалроқ Олий судда қатағон қурбони бўлган 100 дан ортиқ шахс оқлангани ва Тошкентда «16 февраль воқеалари»га алоқадорликда айбланган 5 эркак оқланиб чиққани хабар қилинган.