Навоийдаги мактабда сўкинган ўқувчи қизларнинг шахси аниқланди
Навоийдаги мактаблардан бирида ўқувчи қизлар сўкингани ҳақида хабар берилганди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолатни Ички ишлар бошқармаси ўз назоратига олган ва ўқувчи қизларнинг шахсига ойдинлик киритган. Суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур ўқувчилар Навоий шаҳридаги 10-сонли мактаб ўқувчи қизлари — 2005 йилда туғилган Ж.А., Т.Ж. ва Р.Ж. экани аниқланган. Ҳолат 8 сентябрь куни ҳуқуқ фани дарсида тасвирга олинган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан мактаб директори, ўқувчиларнинг ота-оналари, шунингдек, Навоий шаҳар инспектор-психологлари иштирокида муҳокама ташкил қилинган. Қизларнинг айтишича, бу шунчаки ҳазил тариқасида олинган ва улар қилган ишидан чин дилдан пушаймонлигини билдирган.
Қайд этилишича, йиғилган материаллар қонуний чора кўриш мақсадида Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар комиссиясига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий жанжал бўлгани айтилган видео тарқалганди. Шунингдек, Наманганда мактаб ўқувчилари йўловчини уриб, 1 миллион сўмлик телефонини тортиб олгани ва Сирдарёдаги мактабда ўқувчи қизлар муштлашгани хабар қилинган.