Ўзбекистонда пахта терими пули белгиланди
Шунингдек, қанча қўшимча маблағ тўланиши айтилган
Ўзбекистонда терилган пахтанинг 1 килограмми учун бериладиган пул биринчи терим учун 1200 сўм, иккинчи терим учун 1700 сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда «Yuz.uz» хабар берди.

Маълум бўлишича, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари ҳамда Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг чекка туманларида қўлда терилган хар бир килограмм пахта хомашёси учун Республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланишини таъминланади.
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиевнинг айтишича, бу қўшимча теримчиларни жалб қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Шунингдек, кластерлар ўзига бириктирилган худудларда терим пулини мустақил белгилаши, яъни тавсия этилаётган нархлардан юқори миқдорда ҳақ тўлаши мумкинлиги ҳам айтилган.
Аввалроқ Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилар орасида олтинчи ўринни эгаллагани хабар қилинган. Шунингдек, пахта етиштиришни молиялаштириш тартибига ўзгартириш киритилгани маълум қилинган.