«Толибон» ҳаракати режимини маъқулламаган собиқ афғон расмийлари маршал Дўстум билан бирга мамлакатнинг Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлаш бўйича режа тузаётгани айтилди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «BBC»

Маълум бўлишича, бу гапни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар айтиб ўтган. Бу режага кўра, расмийлар яқин орада Панжшердаги қаршилик кучларини қўллаб-қувватлайдиган Кенгаш чақиради.

«Афғонистоннинг сиёсий раҳбарлари, шу жумладан, маршал Дўстум яқинда Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлаш кенгашини тузади», — деган Агбар. Дипломат таъкидлаганидек, у республиканинг янги ҳукумати билан ишлаш ниятида эмас, чунки бу ҳукумат инклюзив тарзда шаклланмаган. У энди мамлакат собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳни Тожикистонда ҳимоя қилишини таъкидлаган. Бундан ташқари, Агбар жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон Вазирлар Маҳкамасининг янги эълон қилинган таркибини тан олмасликка чақирган.

Қайд этилишича, Аҳмад Масъуд қўмондонлигидаги Миллий қаршилик фронти кучлари Панжшер дараси тоғларига чекинишга мажбур бўлган. Агбар ҳозирда вилоятнинг катта қисми қаршилик кучлари назорати остидалигини айтган.

Аввалроқ Панжшер вилояти тўлиқ «Толибон» ҳаракати назоратига ўтгани айтилганди. Шунингдек, Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати билан келишиш шартини маълум қилган.