Қашқадарёда келиб чиқиши номаълум 200 кг гўшт олиб кетаётган «Lacetti» ҳайдовчиси ушланди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 8 сентябрь куни «Lacetti» юкхонасидан истеъмолга яроқсиз гўшт аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жиноят-тергов суриштирув бўлинмаси карантин бўлинмаси ходимлари тадбир ўтказган. Унда «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида соат 02:20 ларда Қашқадарё–Тошкент йўналишида кетаётган Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро Н.О. бошқарувидаги «Lacetti» текширилган.

Қайд этилишича, машина юкхонасидан ҳеч қандай ветеринария маълумотномаларисиз, келиб чиқиши номаълум бўлган, 4 дона целлофан пакетларда жами 200 килограмм ҳайвоннинг лаҳм гўшти аниқланган. Гўшт туман озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лабороторияси томонидан намуналар олиниб текширилиб, истеъмолга яроқсиз деб топилган ва тегишли тартибда йўқ қилинган.

Аввалроқ Жиззахда 600 килограмм сифатсиз гўшт олиб кетаётган «Labo» ҳайдовчиси қўлга олингани ва Навоийда келиб чиқиши номаълум 900 килограмм гўшт олиб кетаётган юк машинаси ҳайдовчиси ушлангани хабар қилинган.