Самарқандда коронавирусга қарши дориларни 11 минг доллардан ортиққа сотганлар ушланди
Самарқанд шаҳрида 200 дона дори воситасини ноқонуний сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг шаҳар бўлими Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаролар Х.Э. ва Т.Х. пандемия шароитида талаб юқори бўлган «IVIREM Remdesevir 100 mg» дори воситасини донасини 56 доллардан ҳисоблаб, жами 200 донасини 11 200 долларга сотган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (Дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида коронавирусга қарши дори воситаларини 30 минг долларга сотганлар ушлангани, Жиззахда коронавирусга қарши дориларни салкам 30 миллион сўмга сотмоқчи бўлган талаба қўлга олингани ва Тошкентда салкам 120 миллион сўмлик дорини ноқонуний сотмоқчи бўлган тадбиркор ушлангани хабар қилинган.