«Толибон» ҳаракати Панжшерга янги ҳоким тайинлади
«Толибон» ҳаракати раҳбарияти Панжшер вилоятига янги губернатор тайинланганини эълон қилди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятга янги губернатор тайинлангани ҳақида ҳаракатнинг матбуот ходими Ҳанафий Вардак ўзининг Twitter’даги саҳифасида очиқлаган.
«Панжшер вилоятига тайинланган губернатор Мавлавий Қудратуллоҳ ҳозир хавфсизликни таъминлаш учун минтақада», — деган у.
Унинг қўшимча қилишича, хавфсизлик мақсадида Панжшернинг турли жойларида 400 дан ортиқ кучлар жойлаштирилган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракатига қарши курашаётган Панжшер ҳокими Ғарб давлатларидан ёрдам сўраганди. Шунингдек, Афғонистоннинг бу вилоятида «Толибон» ҳаракатига қарши ҳужум бошланган.