«Толибон» тузган ҳукуматнинг инаугурацияси қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди
«Толибон» ҳаракати Афғонистон янги ҳукуматининг инаугурация маросимига Россияни таклиф қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум бўлишича, маросимга Россиядан ташқари Хитой, Қатар, Туркия, Покистон ва Эрон ҳам таклиф қилинган. Таъкидланишича, янги ўтиш даври ҳукуматининг инаугурацияси 11 сентябрда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Афғонистон бош вазирининг ўринбосари Абдулғани Бародар 8 сентябрь куни бошқа бир қатор давлатлардан ҳам делегацияларни таклиф қилиш учун Қатарга боргани қайд этилган.
«Толибон» ҳаракати 15 августда Кобулга кириб, 16 август куни уруш тугаганини эълон қилган. 31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий миссиясини тугатган. 6 сентябрь куни «Толибон» ҳаракати Панжшер вилояти ўз назоратига ўтганини маълум қилган.
Маълумот учун, инаугурация — давлат бошлиғининг шу олий лавозимни бажаришга киришиши муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросим.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати вақтинчалик ҳукумат таркибини эълон қилганди. Шунингдек, ҳаракат Афғонистонни қандай усулда бошқаришини очиқлаган.