Тошкент вилояти ҳокимлиги «Malibu» ва «Tracker» сотиб олгани бўйича изоҳ берди
Тошкент вилояти ҳокимлиги «Malibu» ва «Tracker» сотиб олгани хабар қилинганди. Ҳокимлик бу юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳокимлик бир дона «Chevrolet Malibu» ҳамда «Tracker» харажатларини қоплаш учун вилоят маҳаллий буджетининг 2021 йил II чорак якунида шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 610 миллион сўм ажратган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг жорий йил 26 августда тегишли фармойиши қабул қилинган.
Шунингдек, бунга Бюджет кодекси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6, 25-моддаларига асосан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бажарилган.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда ҳокимлик учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 18 та хизмат автотранспорти ажратилган. Вилоят нисбатан катта ва унинг салмоқли қисми тоғли ҳудудлардан иборат бўлгани учун мавжуд автотранспорт воситаларининг 5 таси муддатидан олдин техник носоз ҳолга келган. Уларнинг хизматга яроқсизлиги бўйича тегишли тартибда далолатнома тузилган.
Таъкидланишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ўринбосарларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш, бевосита ҳудудларга чиқиш билан боғлиқ ишларни унумли ташкиллаштириш мақсадида 369 миллион сўмлик 1 дона «Chevrolet Malibu» ҳамда 232 миллион сўмлик 1 дона «Tracker» харид қилиш бўйича 6 сентябрь куни тегишли шартнома имзоланган.
Аввалроқ Божхона қўмитаси 7 миллиард сўмга 76 та машина харид қилгани ва қўмита бу юзасидан изоҳ бергани хабар қилинган.