Тошкентда «ГАИ» ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлди — видео
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида 2 сентябрь куни йўл-патруль ходими ва «Lacetti» ҳайдовчиси ўртасида тортишув юзага келди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, шу куни соат 15:30 атрофида Беруний кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Тожиев «Lacetti» ҳайдовчиси бошқарув вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун уни тўхтатган. Ўзаро мулоқот вақтида тортишув юзага келиб, қоидабузарлиги бўйича бармоқ изи орқали тасдиқлаши сўралганда ҳайдовчи қўпол муносабатда бўлган.
Аниқланишича, ЙПХ ходими ҳам муомала маданиятидан четга чиққани видеода акс этган. Ҳайдовчига нисбатан содир этган қоидабузарлиги бўйича электрон шаклдаги баённома расмийлаштирилган. Ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда ҳайдовчи ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув содир бўлгани, Фарғонада автоблогер ва «ГАИ» ўртасида тортишув юзага келгани ва Тошкентда «ГАИ» ва ҳайдовчи тортишиб қолгани хабар қилинган.