Тошкентдан Қатарга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади
«Qatar Airways» авиакомпанияси Тошкентдан Қатар пойтахти Доҳага мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси агентлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, «Ўзавиация» агентлиги 7 сентябрь куни «Qatar Airways» авиакомпаниясига Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битим асосида 13-К сонли Доҳа–Тошкент–Доҳа йўналишида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун эксплуатацион рухсатнома берган.
Қайд этилишича, авиакомпания парвозларни «Airbus 320», «Airbus 321», «Airbus 350», «Boing 777» ва «Boing 787» лайнерларида амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондан Грузияга қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент ва Нью-Йорк ўртасида авиақатновлар сони кўпайтирилиши ва Истанбулдан Урганчга илк парвоз амалга оширилгани маълум қилинган.