Қашқадарёда хўжалик ишчиси гиёҳванд модда сақлаётгани аниқланди
Қашқадарё вилояти Косон туманида 4 сентябрь куни фермер хўжалиги ишчиси товуқхонада салкам 6 килограмм марихуана сақлаётгани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан «Қорадори-2021» тезкор тадбирининг 2-босқичи ўтказилган. Унда аввал ўғрилик жиноятини содир этгани учун судланган 51 ёшли ишчи К.Ш. туманнинг Жиззалик МФЙда жойлашган Беруний фермерлар уюшмасига қарашли товуқхонада 5,7 килограмм марихуана сақлаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисм билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Бухорода токзорда фуқаро салкам 4 килограмм гиёҳванд модда сақланаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Жиззахда уйида гиёҳванд ўсимлик эккан 64 ёшли эркак қўлга олингани маълум қилинган.