Одил Иминов: «Қани энди ҳамма мактабларни хусусий қилишнинг иложи бўлса» — видео
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одил Иминов «Bugun.uz»га берган интервьюсида хусусий мактаблардаги ўқитувчилар маошининг катталиги давлат мактабларидаги таълим сифатига қандай таъсир ўтказгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Нашр журналисти Одил Иминовга «Хусусий мактаблардаги ўқитувчиларнинг маоши давлат мактаблариникидан баланд. Малакали ўқитувчи доим маоши баланд жойни танлайди. Бу ўз-ўзидан давлат мактабларидаги таълим сифатининг пасайишига олиб келади. Бу борада нимани таклиф қилган бўлардингиз?», — дея савол берган. Қўмита раиси унга қуйидагича жавоб берган:
«Ҳақиқатдан ҳам сифат пасаяди. Чунки ҳамма ҳам қаерда имконият кўпроқ бўлса, ўша жойга боради. Мактабгача таълим муассасаларига қарасак, хусусийларида ҳаммаси яхши, давлатникида ўғрилик, порахўрлик. Нега бунақа? Чунки хусусий боғчаларда рақобат бор, пул тўлаб ўқитишади. Агар маъқул келмаса, бошқасига олиб боришади.
Қани энди ҳамма мактабларни хусусий қилиш, улар орасида эркин рақобатни йўлга қўйишнинг иложи бўлса. Фақат шу орқали жиноятчилик, таниш-билишчиликнинг олдини олиш, сифатни ошириш мумкин бўлади».
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Bugun.uz» Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов билан суҳбатлашганди. Унда Борий Алихонов экологик маънавият дарслигини жорий этишни таклиф қилган ва Экологик партия бўлмаса, Ўзбекистон нималарни йўқотади, деган саволга жавоб берганди.