Ўзбекистонда 2020–2021 йил куз-қиш мавсумида ёнғин сабаб қанча фуқаро ҳалок бўлгани айтилди
АОКАда 9 сентябрь, пайшанба куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда 2020–2021 йил куз-қиш мавсумида ёнғин сабаб қанча фуқаро ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2020–2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида олиб борилган профилактик чора-тадбирларга қарамасдан республикада 6691 та ёнғин содир бўлган.
«Бунинг оқибатида 97 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 159 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Келтирилган моддий зарар миқдори 91 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5751 таси, яъни 86 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ёнғинлар сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 31 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 28 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 22 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9,7 фоизи болалар шўхлиги оқибатида содир бўлган.
Маълумот учун, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021–2022 куз-қиш мавсуми учун қанча кўмир етказиб берилиши очиқлангани ва Наманганда 17 соат ичида 3 та ёнғин содир бўлгани маълум қилинганди.