Панжшер аҳолиси «Толибон» ҳаракати билан бир масалада келишгани айтилди
Панжшер аҳолиси «Толибон» ҳаракати билан бир масалада келишувга эришгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Afghanistan International»га асосланиб, «Sputnik Aфғонистон» хабар берди.

«Afghanistan International»нинг ўз манбаларига асосланган ҳолда маълум қилишича, Панжшернинг маҳаллий аҳолиси ҳаракат билан пайшанбадан шанбагача норасмий равишда ўқ отишни тўхтатиш тўғрисида келишган.
Қайд этилишича, «Толибон» ҳаракати, ўз навбатида, панжшерликларга уйларини бирор тўсиқларсиз тарк этишга ва марҳумларни тинч дафн қилишга рухсат берган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Панжшер қаршилик кучлари билан бўлган жангда ортга чекингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» етакчилари ўртасида ўзаро кураш бошлангани маълум қилинган.