Панжшердаги стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудлар кимнинг назорати остида экани айтилди
Панжшердаги стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудлар кимнинг назорати остида экани маълум бўлди. Бу ҳақда Aфғонистон қаршилик фронти вакили Aли Назарий «CNN»га хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, қаршилик кучлари Панжшер ҳудудининг 60–65 фоизини назорат қилаётган бўлиб, минтақадаги барча стратегик позициялар уларнинг қўл остида турибди.
«Қаршилик кучлари асосий йўлдан тактик чекиниш қилди, холос. Биз билан бўлган жангларда ‘Толибон’ ҳаракати катта йўқотишларга учради», — дея таъкидлаган Aли Назарий.
«Толибон» ҳаракати 6 сентябрь куни Панжшер вилоятини тўлиқ назоратга олганини эълон қилган. Вилоятдаги жанглар миллий қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуд бошчилигида етти кун давом этган. Масъуд ва бошқа фронт аъзолари тақдири ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Аҳмад Масъуд билан келишишдан бош тортганди. Шунингдек, ҳаракат Панжшерга қараб ҳаракатланаётгани маълум бўлган.