Бугун, 9 сентябрь — Халқаро гўзаллик кунида сизга дунё гўзалликларидан бир шингил улашишни лозим кўрдик. «Bugun.uz» сайёрадаги энг гўзал ғорлар рейтингини тақдим этади. Ноодатий ва бетакрор гўзалликдан завқ олинг.

Беқиёс саргузаштлар ва табиатнинг энг яхши сақланадиган яширинликлари, сирлари — ғорлар ҳақида ўйлар экансиз, хаёлингизда шу фикрлар жонланиши тайин. Ғорлар, шубҳасиз, табиатнинг энг ажойиб ижодлар намуналаридан биридир. Демак, бошладик.

1. Мамонт ғори миллий боғи, Кентукки, АҚШ

Фото: «Wikimedia»

Ғор илк бор 1797 йилда очилган бўлиб, 1941 йилда бу ерда боғга асос солинган. Дунёдаги энг узун ғорлар тизимида жойлашган миллий боғда кўплаб қизиқарли бўлимлар, ер ости ўтиш йўллари мавжуд. Сиз бу ерда сайёҳларни шу кунгача энг кўп қизиқтириб келган Музлатилган Ниагара, Гранд Авеню ва «Fat Man’s Misery»ларнинг ажойиботларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. АҚШнинг энг машҳур ғорлари орасида Мамонт ғорлари оилавий ташриф буюриш учун айнан мос келадиган ажойиб жойдир.

2. Мовий Грот, Италия

Фото: «Wikimedia»

Мамлакат жанубидаги Капри ороли соҳилидаги мазкур машҳур ғор XVIII асрда маҳаллий аҳоли орасида Градола номи билан маълум бўлган (Градола соҳили номига). Ғорда даҳшатли махлуқлар ва жодугарлар яшайди деган миш-мишлар одамларнинг доимий равишда ундан қочишига сабаб бўлган. 1826 йилда Грот ғори немис ёзувчиси Август Копиш ва унинг дўсти Эрнст Фриеснинг ташрифи билан жамоатчилик томонидан «қайта кашф қилинди». Бу ерда улар қуёш нури, денгиз суви ва ғордаги иккита туйнукнинг ўзаро мутаносиблашуви натижасида пайдо бўлган сеҳрли «мовий ўйин»га гувоҳ бўлдилар. Шундан буён ғор гўзаллик шинавандаларининг севимли маскани ҳисобланади.

3. Фингал ғори, Шотландия

Фото: «Wikimedia»

Шотландия яқинидаги ҳеч ким яшамайдиган Стаффа оролидан ўрин олган бу ҳайратланарли табиий мўжиза дунёдаги энг машҳур ғорлардан бири бўлиб, у ўзининг олти бурчакли базалт устунлари билан машҳур. 1772 йилда очилган мазкур ғор гаэл тилида Уамх-Бинн деб аталади, бу номни «куйлар ғори» деб таржима қилиш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, гумбаз шаклидаги тузилиши туфайли бу жой ўзига хос акустикага эга. Ғорнинг кириш қисми қайиқлар учун торлик қилади, шу сабабли сайёҳлар ичкарига тор йўлак орқали ўзларигина кира оладилар.

4. Карлсбад ғорлари миллий боғи, АҚШ

Фото: «Wikimedia»

100 дан ортиқ ғорни бир «оила»га жамлаган мазкур табиат мўъжизасининг ёши 250 миллион йилдан ошиқроқдир. Қизиқарли маълумот ўрнида айтиш мумкинки, миллий боғда 16 турдаги кўршапалаклар яшайди, уларнинг умумий сони 1 миллионгача етади. Миллий боғ йил бўйи очиқ бўлади, лекин кўпчилик сайёҳлар унга асосан ёзда дам олиш ва таътил кунларида ташриф буюришади. Боғ рождестводан ташқари ҳафтанинг етти кунида 24 соат очиқ бўлади. Меҳмонлар мустақил равишда ғорда 230 метр чуқурликка тушишлари ёки махсус ўрнатилган лифтлардан фойдаланишлари мумкин.

5. Ваитомо Гловворм ғорлари, Янги Зеландия

Фото: «Flickr.com»

XIX аср охирида очилган, дунёдаги энг машҳур ғорлардан бири бўлган Ваитомода сиз ғор тубида порлаб турган юлдузли тунни томоша қилишингиз мумкинки, бунинг гаштини ғорнинг суратларининг ўзини кўриш билан ҳам ҳис қилиш қийин эмас. Ғор шифтини минглаб ажойиб чувалчанглар ёритадики, бу болалар учун ҳам унутилмас таассурот қолдиради! Хуллас, минг марта гапиргандан бир бора кўрган афзал.

6. Шкотсян ғорлари, Словения

Фото: «Wikimedia»

Бу ажойиб ғорларнинг мислсиз табиий гўзаллигини кўргач, ўша лаҳзаларни абадий суратга муҳрлашни истаб қолишингиз тайин. Словениянинг маркази Карстда жойлашган ғоз ўзининг ҳайратланарли сталактитлар ва сталагмитлари сабаб ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси мақомига сазовор бўлган. Ғор нафақат ажойиб туристик, балки тарихий манзилгоҳ ҳам саналади. Олимларнинг фикрича, бу ерда одамлар милоддан аввалги 3–1,7 мингинчи йиллар оралиғида яшай бошлаган. Ғорларни тизимли тадқиқ қилиш ХIХ асрда бошланган ва 1890 йилда тадқиқотчилар ғорнинг охиридаги ўлик кўлга етиб келишган. Орадан 100 йил ўтгач, 1990 йилда ғаввослар Ледени дихник сифони орқали шўнғиб, 200 метрдан ортиқ янги йўлларни очишга муваффақ бўлишган.1959 йилда ғорлар электр энергияси билан таъминланган. 2006 йилда ғорларга 90 мингга яқин одам ташриф буюрган.

7. Қамиш най ғори, Хитой

Фото: «Wikimedia»

Гуилин марказига яқин жойлашган бу машҳур диққатга сазовор жой ундаги оҳактошнинг мураккаб шаклланиши туфайли дунёдаги энг машҳур ғорлардан бири ҳисобланади. «Табиий санъат саройи» номи билан ҳам танилган ғор деворларида милоддан аввалги VIII асрга оид ёзувлар бор. Ғорнинг «Аждаҳо қиролининг биллур саройи» деб номланган дараларидан бири бир вақтнинг ўзида 1000 кишини сиғдира олади.

8. Кристаллар ғори, Мексика

Фото: «Wikimedia»

Гигант кристалли ғор деб ҳам аталадиган бу ғаройиб ғор ўзининг улкан селенит кристалли тузилмалари билан дунёнинг машҳур ғорлари орасидан ўрин олган. Бу ерда ҳаво ҳарорати жуда иссиқ — айрим кунлари даража 58°С га етади. Намлик эса ниҳоятда юқори — 90–100 фоиз. Бу омиллар одамларнинг ғорни ўрганишини жуда қийинлаштирган ва махсус совутиш ускунасидан фойдаланишни тақазо қилган. Асбоб-ускуналарингиз бўлган тақдирда ҳам ғорда 20 дақиқадан ортиқ бўлишингиз мумкин эмас, бу ўпка учун хавфли. Ажойиб, тўғрими?

9. Айсризенвелт ғори, Австрия

Фото: «Wikimedia»

Залцбургдан атиги 40 километр узоқликда жойлашган мазкур дунёдаги энг машҳур ғорлардан бирига ҳар йили 2 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради. Айсризенвелт дунёдаги энг катта музли ғор бўлиб, ер юзасига 42 километргача чўзилган. Овчиларга узоқ вақтлардан бери маълум бўлиб келган бўлсада, ғор 1879 йилда залсбурглик табиатшунос Антон вон Посселт-Кзорич томонидан расман топилган. Ғорга биринчи экскурциялар 1920 йилда бўлиб ўтган. Айсризенвелт одатда 1 майдан 26 октябргача ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади. Қиш ойларида қор кўчиши хавфи туфайли ғорга кириш ёпилади.

10. Шондонг ғори, Вьетнам

Фото: «Flickr.com»

Бу ажойиб ғор дунёнинг энг катта 10 та ғори рўйхатида биринчи ўринда туради. Бу сеҳрли ғор ичида баланд дарахтлар, сталагмитлар, улкан ҳовузлар ва энг яхши сплеотемаларни кўриш мумкин. Улкан ғор марваридлари, ғайриоддий фаунаси ва 300 миллион йиллик қолдиқлари билан унга ташриф буюрувчиларни такрор ба такрор мафтун қилишдан чарчамайди. Ғорнинг деярли 6500 метр майдонини ўрганиш шуни кўрсатдики, баъзи жойларда унинг баландлиги 200 метрга, кенглиги эса 150 метрга етади. Ғорнинг умумий ҳажми 38,5 миллион м³га тенг.

Рейтингни якунлар эканмиз, сайёрамиз ажойиботларга, гўзалликларга бойлигини ва уни бизга тақдим этишга шайлигини яна бир карра исботлагандай бўламиз. Бизда ҳозирча шулар. Гўзаллик кунида гўзал яшашни бошланг. Яна рейтинглашгунча!