Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида тасдиқланди
Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 9 сентябрь куни навбатдаги қурултойини ўтказган. Унда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурини эълон қилган:
- «Келгуси беш йилда ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олинади;
- 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади;
- келгуси беш йилда норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаро бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилади. Шу орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади;
- Қуролли кучларнинг жанговар шайлиги, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, тизимли амалга оширилади;
- коррупцияга йўл қўйган шахсларнинг очиқ реестри юритилиб, уларнинг давлат хизматига кириши, масъул лавозимларга номзоди кўрсатилиши чекланади;
- давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкларини декларация қилиш тизими келгуси йилдан босқичма-босқич жорий этилади;
- Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони 9 миллионга, туризм хизматлари экспорти 1,8 млрд долларга етказилади;
- дарахт кесишга муддатсиз мораторий жорий этилади;
- талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади».
Бундан ташқари, давлат раҳбари суд-ҳуқуқ, аҳолининг кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларига бериладиган имтиёзлар, ташқи сиёсатдаги вазифалар ҳақида ҳам гапириб, нутқи охирида ҳар бир фуқаро сайлов жараёнида бевосита иштирок этиши кераклигини таъкидлаган:
«Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи сизнинг қўлингизда. Бутун халқимизни кимни сайлашидан қатъи назар, ўз позициясини кўрсатишга, сайловда иштирок этишга чақираман».
Таъкидланишича, якунда партия делегатлари бир овоздан Шавкат Мирзиёевни президентликка номзод сифатида маъқуллаган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қурултойида қатнашиши ва Халқ демократик партияси Мақсуда Ворисовани президентликка номзод сифатида тасдиқлагани хабар қилинган. Шунингдек, Алишер Қодиров президентликка номзод сифатида тасдиқлангани маълум қилинган.