Шимолий Корея тунда ҳарбий парад ўтказди — фото
Шимолий Корея ташкил этилганининг 73 йиллигини тунги ҳарбий парад билан нишонлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум қилинишича, парадда ҳарбийлар коронавирусга қарши курашнинг рамзи сифатида тиббий ниқобли, тўқ сариқ рангли ҳимоя кийимида бўлишган. Оммавий ахборот воситалари эълон қилган суратларда Пхеньядаги Ким Ир Сен майдонида милтиқ ва бир нечта ракета отиш мосламалари билан кетаётган қўшинларни кўриш мумкин.


Таъкидланишича, тадбирга Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) раҳбари Ким Чен Ин ҳам ташриф буюрган. Аммо у аввалги тадбирлардан фарқли тарзда мазкур парадда нутқ сўзламаган.

Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Япония судига чақирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шимолий Корея атом реакторини қайта ишга туширгани маълум қилинган.