Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича 2022–2025 йилларга мўлжалланган дастури имзоланади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Вена шаҳрида Парламентлараро иттифоқ томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Австрия парламенти билан ҳамкорликда ташкил этилган Аёл спикерларнинг 13-саммити ва Парламентлар раҳбарларининг 5-бутунжаҳон конференциясида иштирок этмоқда. Ташриф доирасида Танзила Норбоева БМТ Бош котиби ўринбосари, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи котиби Геда Вали билан учрашув ўтказган.

Қайд этилишича, суҳбатда бошқарма раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун махсус дастурини қабул қилиш ҳамда гиёҳванд моддалар айланмаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

«Давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш, болалар ва тизимли мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш борасидаги қабул қилинаётган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Тошкентдаги БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий ваколатхонаси ташкилотнинг хориждаги энг йирик ваколатхонаси ҳисобланади. Бу эса Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз нақадар муҳимлигини кўрсатади», — деб таъкидлаган Геда Вали.

Таъкидланишича, учрашув давомида томонлар Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича 2022–2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий дастурини имзолаш учун бош котиб ўринбосарининг ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида келишувга эришган.

Бундан ташқари, бошқарма раҳбари Афғонистон атрофида юз бераётган воқеалар муносабати билан минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнайдиган идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Танзила Норбоева мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, Сенат раиси кадастр тизимини танқид қилгани ва Танзила Норбоева экология соҳаси фаолияти ҳақида фикр билдиргани хабар қилинган.