Хоразмда валюта савдоси билан ноқонуний шуғулланган эркак ушланди
Хоразм вилояти Гурлан туманида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармалари ҳамда туман бўлими тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро А.З. жами 360 минг Туркманистон манатини фуқаро А.га 100 минг долларга сотишга келишиб, шундан 59 300 Туркманистон манатини 17 минг долларга сотган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланган эркак қўлга олингани ва Қорақалпоғистонда ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланган аёл ушлангани хабар қилинган.