Андижонда меҳнат инспекцияси бошлиғи собиқ аёл ходимни ҳақоратлади — аудио
Андижон вилояти Бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ф.М. собиқ аёл ходимни ҳақоратлади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг собиқ ходимаси Х.Ж. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмига асосан 4 июль кунидан бекор қилинган. Андижон вилоят Бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ф.М. унинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган вақтда жанжал келиб чиққан.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши учун Андижон шаҳар ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилинган. Шунингдек, ҳолат бўйича ҳозирда шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада блогерларни ҳақорат қилган тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ишдан бўшатилгани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкентда «замҳоким» маҳалла раисини уриб, ҳақоратлагани маълум қилинган.
