Янгиликлар - 11:37 · 11.09.2021

Фарғонада блогерларни ҳақорат қилган тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ишдан бўшатилди

Фарғона вилояти Риштон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи журналистларни ҳақорат қилгани хабар қилинганди. «Bugun.uz» мухбири бирлашма бошлиғининг ишдан бўшатилганини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, блогерлар тумандаги оилавий поликлиникаларда эмлаш ишларига узундан-узоқ навбатлар ҳосил бўлаётгани ҳамда ваксинация жараёнлари сифатли ташкил этилмаётгани ҳақида фотохабар жойлаштирган ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари У.М. бунинг учун уларни хақорат қилган.

Таъкидланишича, тиббиёт бирлашмаси раҳбари ҳолат юзасидан узр сўраб, мурожаат қилган.

«Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувга муносабат билдириб ўтмоқчиман. Мен айбни юз фоиз ўз бўйнимга оламан. Риштон туманида Баҳодир Элибоев деган блогеримиз бор. Ундан узр сўрайман. Унинг шериклари, умуман, барча блогерлардан узр сўрайман. Бу гапларни асабийлашиб, жахлим чиқиб гапириб юбордим. Биз улар билан келишиб олдик»,— дейди у.

Шунингдек, аудиода «товонини ялатгани» айтилган журналист ва блогер ёш шифокорни кечиришини айтиб, аудиоёзувда унга нисбатан ишлатилган сўзлар аслида бўлмаганини билдирган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг буйруғига асосан У.М. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Аввалроқ Андижонда уйида ободонлаштириш ходимларини ишлатган прокурор ишдан бўшатилгани хабар қилинган. Шунингдек, Бош прокуратура Афғонистондан учиб ўтган ҳарбий техникалар тўғрисидаги маълумот учун кечирим сўраганди.