15:13 | 11.09.21 414

Фарғонада танқидий материаллар тайёрлайдиган блогерни заҳарлашгани айтилмоқда — видео

Bugun.uz мухбири мутасаддилар ва беморнинг яқинлари билан мулоқот қилиб, маълумот олди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи блогер Иқбол Комилжоновни танқидий материаллар тайёрлаб, эълон қилиб боргани учун заҳарлашгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар тарқалди. «Bugun.uz»нинг ҳудуддаги мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида беморнинг яқинлари ва шифокорлар билан мулоқот қилди.

Фото: Иқбол Комилжоновнинг шахсий архивидан

Қайд этилишича, Иқбол Комилжонов ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги муаммоларни, камчиликларни ёритиб бориши билан танилган. Блогер касалхонага тушган вақтида унга овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Беморнинг яқинларига кўра, у ҳозирда Фарғона вилояти шифохонаси реанимация бўлимида 4 кундан буён кома ҳолатида қолмоқда.

«Укамнинг аҳволи оғир. Шифокорлар ҳозир қон қуйиш керак демоқда. Бизнинг ёнимизда укам заҳарланганга ўхшади. Оғиздан эмас, бурундан, орқа пешобдан тинимсиз қон кетяпти. Тинимсиз алаҳсираяпти. Булар захарланиш белгилари-да. Шифокорларга айтсак, улар ковид деб айтяпти. Кеча шифокорларнинг ўзи ковид чиқмади, деб айтган эди. Бугун яна ковид деяпти. Ташхис қоғозларини кўрсатди», — дейди блогернинг опаси Шоира Комилжонова нашр мухбири билан суҳбатда.

Маълум қилинишича, Комилжонованинг ўзи блогерни ўғли ва жиянлари билан шифохонага жойлаб кетган.

«Биз шифохонага топширганда укамнинг қорин соҳасида оғриқ бор эди, лекин ҳуши жойида эди, гапираётган эди. Кечга бориб бирданига оғирлашиб қолган. Бунга нима сабаб, тушунмаяпмиз. Шифокорлар ичакларида муаммо кузатилаётганини тушунтирди», — дейди блогернинг опаси.

Таъкидланишича, шифокорлар ҳозирда Иқбол Комилжоновга ковид ва қандли диабет касалликлари бўйича ташхис қўйган. Беморнинг яқинлари шифокорлардан тиббий экспертиза ўтказишни талаб қилган, бироқ улар буни кескин рад этган. Шоира Комилжоновага шифокорларнинг маълум қилишича, беморнинг ички аъзолари ҳозирда секин-аста сўниб, аҳволи ўта оғир ҳолда қолмоқда.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» мухбири бемор даволанаётган вилоят кўп тармоқли шифохона шифокори Элмурод Йўлчиев билан ҳам суҳбатлашди.

«Бемор олти ой олдин бир қанча муддат Россия Федерациясида бўлиб қайтган. Унинг яқинлари заҳарланган деган масалани қўйяпти. Беморда қандли диабет хасталиги бўлган. ‘Сахар’и бор одамнинг қон плашкалари тўлиб қолади. Сўнг танани баъзи аъзоларида чириш бошланади. Ана шу чиришнинг орқасидан заҳар чиққан, бемор ўзини-ўзи заҳарлаган. Яъни касаллик организмни заҳарлаяпти. Бу ички заҳарланиш, у ташқаридан тушмаган. Қолаверса, бемор яқинда ковид ҳам бўлиб ўтган экан. Инфекция ўпкага ўтиб, икки томонлама пневмония ривожланган. Танадаги барча хасталиклар бирлашиб, бош мияга ишемия беряпти. Бош толалари қурияпти», — дея таъкидлади шифокор.

Маълум қилинишича, бемор ҳозирда сунъий нафас олмоқда, овқат бериш ҳам сунъий йўл билан амалга ошириляпти. У кислородга улаб қўйилган.

Шунингдек, итимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси раҳбари Шоҳид Аслонов шахсий саҳифасида пост қолдирди. Унга кўра, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хабарлар мутлақо асоссиз.

«Вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов билан бирга Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт муассасасида даволанаётган И.Комилжоновнинг аҳволидан хабар олгани бордик.

Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хабарлар мутлақо асоссиз эканлиги маълум қилинди. Бемор кўп йиллардан буён қандли диабет билан курашиб келган. Ушбу касаллик фонида коронавирус инфекциясига чалиниб, беморда турли сурункали касалликлар авж олган ва шунга қарши тегишли муолажалар қилинмоқда», — дея ёзган Аслонов.

Аввалроқ Андижонда эркаклар 5 ойлик келинни зўрлагани ҳақида видео тайёрлаган блогер жазолангани айтилганди. «Bugun.uz» мухбири блогер ва вилоят суди билан боғланиб, ҳолат юзасидан маълумот олганди.