Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида оила 3 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисини фарзандликка олди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, болаларнинг онаси турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг ёлғиз ўзи фарзандларини 10 йил боқиб, парваришлаган. Ҳасталик эса болаларни онасидан ҳам айирган. Шундан сўнг болалар Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи қарамоғига олинган.

Салкам 5 йилдан буён ушбу Меҳрибонлик уйида тарбияланиб келаётган болалар бугун ўз оиласига эга бўлди. Тўрақўрғон туманининг Яндама қишлоғидаги Садаф маҳалласида яшовчи фуқаролар болаларни ўз оиласига қабул қилди. Уларнинг тўнғичи Мадина Камолиддинова 16 ёшда, Дилдора Камолиддинова 14 ёшда, кенжа Ислом Камолиддинов эса 10 ёшда.

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзимни 4 нафар фарзандим бор, ҳаммасини уйли-жойли қилдик, бу гўдакларнинг онаси билан қадрдон эдик. Вафотидан сўнг боқиб олишни диллаб юргандик, мана, бугун ниятимга етдим. Буларгаям шу фарзандларим қатори ғамхўрлик кўрсатиб, вояга етказаман, шу юрт учун муносиб фарзанд қилиб тарбиялайман», — дейди Ибодат Нурхонова.

Унинг айтишича, болаларнинг туғилиб ўсган уйи ҳозирда анча таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган, онасининг фарзандларига яхши ният билан қураётган иморати эса битмай қолиб кетган. Мазкур уй-жой Миллий гвардия ходимлари ва «Саховат Наманган» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда қуриб битириладиган ва жиҳозлаб бериладиган бўлган. Шунингдек, болалар ҳам оталиққа олинган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонадаги оилаларнинг бири 6 нафар чин етим болани фарзандликка олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сенат раиси Ўзбекистонда бола асраб олишдаги муаммолар ҳақида гапирган.