Ўқ отиш тўхтатилиши ҳақида эълон қилинганига қарамай, Панжшердаги вазият айни пайтда нотинч қолаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, «Толибон» ҳаракати ва миллий қаршилик кучлари ўртасидаги муваффақиятсиз музокаралар оқибатида очлик хавфи остида қолган маҳаллий аҳоли оммавий равишда вилоятдан қочишга ҳаракат қилмоқда. Ҳаракат аъзолари бунинг учун уларга уч кун вақт берган. Баъзи қаршилик жангчилари эса ўз уйларини ташлаб кетаётган қочқинлар орасида яширинишга ҳаракат қилмоқда.

Шунга қарамай, қаршилик кучлари Панжшердаги бир қанча ҳудудларни назоратга олган. Умумий маълумотларга кўра, Абшар, Дара ва Париён туманлари ҳозирда қаршилик кучлари томонидан назорат қилинмоқда, тоғли ҳудудлардан ташқари бошқа ҳудудлар эса «Толибон» ҳаракатига тегишли.

Панжшер вилоятининг ҳаракат томонидан тайинланган губернатори Мавлавий Қудратуллоҳнинг айтишича, ҳаракат вилоятни эгаллаб олганидан бери 10 кун ичида ҳеч қандай уруш бўлмаган. Бу орада қаршилик кучларининг Панжшердаги қурол-яроғ ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган катта омбори ҳаракат томонидан эгалланган.

«Толибон» ҳаракати қўмондонларидан бирининг сўзларига кўра, омборда жуда кўп қурол ва техника бўлиб, уларни Кобулга олиб бориш учун бир неча кун керак бўлади.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Аҳмад Масъуд билан келишишдан бош тортганди. Шунингдек, ҳаракат Панжшерга қараб ҳаракатланаётгани маълум бўлган.