Панжшер вилоятидаги Миллий қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуднинг қаерда экани очиқланди. Бу ҳақда қаршилик раҳбарига энг яқин бўлган Қосим Муҳаммадийга асосланиб, «FarsNews» хабар берди.

Фото: «The New Indian Express»

Қосим Муҳаммадийнинг сўзларига кўра, Масъуд хавфсиз жойда бўлиб, Панжшер билан алоқада бўлиб турибди. Унинг Афғонистонни тарк этгани ҳақидаги миш-мишлар эса ҳақиқатга тўғри келмайди.

Таъкидланишича, сўнгги кунларда «Толибон» ҳаракати Панжшердаги асосий кўчалар ва довонларнинг қарийб 70 фоизини эгаллаган, аммо вилоятнинг тоғли ҳудудлари ҳамон тўлиқ қаршилик кучлари назорат остида қолмоқда.

«Ҳаракат Панжшерга киргандан сўнг Покистон самолётлари ёрдамга келди, қамални бузди ва тунда ҳам ҳужум уюштирди», — дея маълум қилган Муҳаммадий.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда гап ҳаракатга молиявий ёрдам кўрсатадиган хорижий кучлар — Қатар ва Покистон ҳомийлик қилаётган уруш ҳақида кетмоқда. «Умид қиламизки, минтақа ва дунё давлатлари буни тушунади», — деб хулоса қилган у.

Аввалроқ Аҳмад Масъуд Панжшердаги вазият ҳақида нутқ сўзлаши маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Аҳмад Масъуд билан келишишдан бош тортгани айтилган.