АҚШдаги ҳайвонот боғида маймунлар коронавирусга чалинди
Вирус маймунларга уларни боқувчи ходимлардан юққани айтилган
АҚШнинг Атланта ҳайвонот боғида 13 та гориллада янги коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳайвонларда коронавируснинг йўтал, иштаҳа йўқолиши, бурун оқиши каби аломатлари кузатилган. Маймунлардан олинган таҳлил натижаларида 20 та маймундан 13 тасида коронавирус борлиги аниқланган.
Таъкидланишича, ҳайвонларга инфекция коронавируснинг ҳеч қандай аломатга эга бўлмаган, вирусга чалинган ҳайвонот боғи ходимларидан юққани айтилган, ҳозирда ходимлар назоратга олинган. Ҳайвонлар тузалганидан сўнг махсус коронавирусга қарши «Зоэтис» вакцинаси билан эмланиши қайд этилган. Яқин кунларда бошқа ҳайвонлар, шу жумладан, орангутанлар, Суматра йўлбарслари, Африка шерлари ва леопардлар ҳам вакцина билан эмланиши кутилмоқда.
Аввалроқ АҚШда дунёда биринчи марта кийикларда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Беларусда кўршапалаклардан кананинг янги 7 тури аниқлангани маълум қилинган.