Ядро даври: атом бомбасининг яратилиши, ядро урушига қарши бирлашув ва ядро синовларининг тақиқланиши

АҚШ томонидан 1945 йилда атом бомбасининг яратилиши инсоният тарихида «ядро даври»ни бошлаб берди. СССР, Буюк Британия ва бошқа бир қатор давлатларнинг ўз ядро қуролларини яратиши инсоният келажагига улкан хавф сола бошлади. XX асрнинг иккинчи ярмида юз берган «Кариб инқирози» дунёни ядро уруши ҳалокати ёқасига олиб келиб қўйди. Ядро уруши таҳликаси тинчлик тарафдорларини бирлашишга чорлади.

Ядро даври қачондан бошланди? Қайси давлатлар ядро қуролларига эгалик қилади? Кариб инқирози нималарга олиб келди? Ядро урушига қарши бирлашув қандай кечди? Ядро синовларини тақиқлаш бўйича шартнома моҳияти нимада? У қачон кучга киради? CTBTО, халқаро мониторинг тизими нима? «Bugun.uz» колумнисти Муроджон Нажмиддинов шу каби саволларга жавоб беради.

«Тринити» синовида «Ускуна» (Gadget) бомбасининг портлатилиши, Нью-Мексико штати, Аламогордо полигони, 1945 йил 16 июль, тонгги соат 05:49:45
Фото: «www.hdiac.org»

Ядро даврининг бошланиши

«Совуқ уруш» фонидаги қуролланиш пойгаси янги турдаги вайронкор қуролларнинг яратилишини талаб қилар, миллиардлаб маблағ ҳарбий саноатга йўналтирилар эди. Шу жумладан, АҚШда 1942 йил 13 августдан ядро қуролини яратишни кўзда тутувчи «Манҳэттен Лойиҳаси» (Manhattan Project) амалга оширила бошланди. Ушбу тадқиқотлар «Уран қўмитаси»га (Uranium Committee) олиб борилиб, унга Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Германия ва Канададан олимлар жалб қилинган. Манҳэттен Лойиҳасига физик-теоритик Роберт Оппенгеймер (1904–1967) ва генерал Лесли Гровс (1896–1970) бошчилик қилишади.

1945 йил 16 июлда Нью-Мексико штатининг Аламогордо полигонида ўтказилган дастлабки синов — «Тринити»да (Trinity) портлатилган «Ускуна» (Gadget) бомбаси ядро даврини бошлаб берди. Манҳэттен Лойиҳаси доирасида 3 атом бомбаси яратилди: плутоний «Ускуна» («Gatget»), уран «Болакай» («Little boy», 1945 йил 6 августда Хиросимага ташланган), плутоний «Бақалоқ» («Fat Man», 1945 йил 9 августда Нагасакига ташланган).

Ўз навбатида, СССР қуролланиш пойгасида ортда қолмаслик учун 1949 йилда АҚШнинг «Бақалоғи» («Fat Man») конструкциясини максимал такрорлаган ҳолда ўзининг РДС-1 атом бомбасини яратди. 1961 йилга келиб, термоядровий авиацион АН602 — «Қирол-бомба» («Царь-бомба») яратилди. 1952 йилда Буюк Британия мустақил равишда ядро қуролини ишлаб чиқиши билан ядро державалари сони учтага етди. Шу тариқа, ядро қуроллари замонавий дунёнинг «Пандора қутиси»га («Pandora’s box») айланди ва буни япон миллати ўз бошидан ўтказди. Хиросима ва Нагасакига ташланган бомбалар дунё тинчлик тарафдорларини қўзғатди. Ядро энергиясидан сиёсат қуроли сифатида фойдаланишга қарши ҳаракатлар вужудга кела бошлади.

1945 йил 9 августда Нагасакига ташланган «Бақалоқ» (Fat Man) бомбасини кўчириш жараёни
Фото: www.history.com

«Ядро клуби»

Ядро клуби ядро қуролларини ишлаб чиқарадиган, синовини ўтказган ҳамда эгалик қиладиган ядровий держава — давлатлар гуруҳини англатувчи сиёсий клише ҳисобланади. Ҳозирда расмий маълумотларга асосан етти давлат мазкур рамзий «ядро клуби»га киради. Хусусан, АҚШ 1945 йил, СССР (ҳозирда Россия Федерацияси) 1949 йил, Буюк Британия 1952 йил, Франция 1960 йил, Хитой 1964 йил, Ҳиндистон 1974 йил, Исроил 1979 йил, Покистон 1998 йил, Корея Халқ Демократик Республикаси 2006 йилдан буён ядро қуролига эгалик қилади. Ҳиндистон ва Покистон «ядро клуби»га кирмасада, ядро қуролига эга давлатлар ҳисобланади.

1991 йил СССР парчалангандан сўнг Қозоғистон, Украина ва Белорусь собиқ Иттифоқнинг ўз ҳудудидаги ядро меросини қўлга киритди. Бироқ 1992 йил 23 майда имзоланган Лиссабон протоколига асосан, Украина ва Беларусь 1996 йилда ўзларининг «ядро мероси»ни Россияга топширишди. 1994 йилда АҚШ президенти Билл Клинтон ва Нурсултан Назарбоев томонидан Нанна-Лугара дастури доирасида имзоланган келишувга мувофиқ Қозоғистон ўз ядро арсеналини қуролсизлантирди. Шунингдек, Жанубий Африка Республикаси 1979 йилда ядро қуролини қўлга киритган бўлиб, 1989 йилда апартеид (расмий ирқий айирмачилик сиёсати) тартиботининг демонтаж қилиниши муносабати билан ядро қуролидан ихтиёрий равишда воз кечди. 

Фото: www.tyulyagin.ru

Кариб инқирози

Тез орада тарихга «Кариб инқирози» («The Caribbean Crisis») номи билан кирган, дунёни ядро уруши ҳалокати ёқасига олиб келиб қўйган воқеа ҳам содир бўлди. Мазкур инқирозга нималар сабаб бўлган эди?

1959 йил 1 январда Фидель Кастро (1925–2016) бошчилигида Кубада инқилоб (исп. Revolución cubana) якунланиб, америкапараст Фульхенсио Батистанинг (1901–1973) авторитар режими ағдариб ташланди ва Кубада социализм қурилиши эълон қилинди. Табиийки, АҚШ ўз атрофида социалистик давлатнинг вужудга келишига тоқат қила олмас эди. 1961 йилнинг апрель ойида АҚШ Кубага қарши эмигрантлар исёнини уюштирди. Куба раҳбари Фидель Кастро ёрдам сўраб СССРга мурожаат қилди. Бу эса Кариб инқирозини келтириб чиқарди. СССР раҳбарияти яширин равишда Куба ҳудудига ўртача олисликка учадиган ва атом бомбаси билан таъминланган баллистик ракеталарни жойлаштирди. Бунга жавобан АҚШ маъмурияти Кубага нисбатан денгиз қамалини уюштирди. Дунё ядро уруши ёқасига келиб қолди. Н.С.Хрушёв (1894–1971) ва АҚШ президенти Ж.Кеннеди (1917–1963) 1962 йилнинг 28 октябрида охир-оқибатда ўзаро келишувга эришдилар. Унга кўра, СССР Кубадан ўз ракеталарини олиб чиқди. АҚШ эса Кубага бостириб кирмасликка сўз берди ҳамда Туркиядан ракеталарини олиб чиқиб кетди. «Кариб инқирози» буюк давлатларни ядро қуроллари масаласида эҳтиёткорона сиёсат юритишга мажбур этди

Фото: www.function.mil.ru

Ядро урушига қарши бирлашув

«Кариб инқирози» вужудга келтирган ядро уруши таҳликаси тинчлик тарафдорларини бирлашишга чорлади. Хусусан, 1949 йилнинг апрель ойида Париж шаҳрида (Франция) Бутунжаҳон тинчлик тарафдорлари доимий қўмитасининг I Конгресси ўтказилди. 1950 йил ноябрь ойида Варшава шаҳрида (Польша) қўмитанинг II Конгресси ўтказилиб, Бутунжаҳон Тинчлик Кенгаши ташкил этилди. Ушбу ташкилот ўз сафида 100 дан ортиқ давлатдан турли ирқ ва миллатларга, сиёсий ва диний қарашларга мансуб миллионлаб кишиларни бирлаштирди.

1950 йил 15 мартда атоқли француз атомчи олими Фредерик Жолио-Кюри ташаббуси билан атом қуролларини мутлақ тақиқлаш ҳақидаги «Стокгольм чақириғи» қабул қилинди. Бу чақириқни 500 миллиондан ортиқ одам имзолади. Бутунжаҳон Тинчлик Кенгашининг 1951 йилда Берлинда ўтказилган I сессиясида СССР, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва Хитой Халқ Республикаси томонидан «Тинчлик пакти» тузилди. Мурожаатни дунё бўйлаб 612 миллион киши имзолади. Тинчлик тарафдорларининг ҳаракатлари давом этиб, 1955 йил 19 январда «Вена мурожаати» — «Жаҳон халқларига мурожаатнома» қабул қилинди.

Ушбу мурожаат қабул қилинишининг бевосита сабаби НАТО Кенгашининг 1954 йил декабрдаги Париж сессиясида ядро қуролидан фойдаланишга рухсат берган қарорлари эди. Бу қарорлар бир қатор мамлакатлар жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлди ва улар мазкур қарорларни атом урушига тайёргарлик кўриш сифатида баҳоладилар. «Вена мурожаати» атом урушига тайёргарлик кўришга қарши қаратилган эди. «Биз эълон қиламиз, дейилади мурожаатномада, атом урушини бошлаган ҳукумат ўз халқининг ишончидан маҳрум бўлади ва ҳамма халқлар томонидан қораланади. Биз барча мамлакатлардаги атом қуроллари захираларини йўқ қилишни ва уларни ишлаб чиқаришни зудлик билан тўхтатишни талаб қиламиз». Тинчлик тарафдорлари миллий қўмиталари томонидан ташкил этилган петиция остида имзо тўплаш кампанияси бошланди. Мазкур мурожаат бўйича 665 миллион имзо тўплашга эришилди. 

1963 йилнинг 15 августида Москвада СССР, АҚШ ва Буюк Британия ўртасида «Атмосферада, фазода ва сув остида ядро қуроллари синовини тақиқлаш тўғрисида» шартнома имзоланди. Бироқ бу шартнома улар ўртасидаги душманлик муносабатини заррача камайтирган эмас. 1986 йил октябрда Копенгаген шаҳрида (Дания) тинчликсевар кучларнинг халқаро тинчлик йилига бағишланган жаҳон конгресси ўтказилди. Конгресс «Тинчликни ва инсоният келажагини сақлаб қолайлик» шиори остида ўтди.

Конгресс ишида жаҳоннинг 136 мамлакатидан 2,5 мингга яқин делегат қатнашди. Конгресс «Копенгаген чақириғи» номли ҳужжатни қабул қилди. Унда ядро қуроли пойгасини тўхтатиш, космосда ядро қуроли бўлишига йўл қўймаслик талаб этилган эди. Тинчлик тарафдорларининг навбатдаги йирик қадами «Ядро синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисида»ги шартнома тузилиши бўлди.

Шартноманинг қабул қилиниши

«Ядро синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисида»ги шартнома Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 50-сессиясида (1996 йил 10 сентябрь, Нью-Йорк) қабул қилиниб, 1996 йилнинг 24 сентябрида имзолаш учун очилган. Ушбу шартнома 1963 йилда «Атмосферада, фазода ва сув остида ядро қуроллари синовини тақиқлаш тўғрисида» шартномада белгиланган ядровий қуроллар синовларини тақиқлашнинг чекланган режимини сўзсиз асосда кенгайтиради.

Лассина Зербо, Ядро синовларини ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартнома Ташкилоти (СТБТО) Тайёргарлик комиссияси Ижрочи котиби ушбу шартнома тўғрисидаги қуйидаги фикрларни билдиради: «Шартнома ҳар қандай жойда: сувостида, ер ости ва ҳавода ядровий синовларни ўтказишни тақиқлайди. Бу Иккинчи жаҳон уруши пайтида ва ундан кейин кўплаб мамлакатлар ядровий қуролга эга бўлишга уриниб кўриши ва синовларни бошлаши хафв-хатари мавжудлиги сабабли қабул қилинган. Шартнома ‘горизонталь тарқалиш’, яъни ядро қуролига эга давлатлар сонининг кенгайиши учун тўсиқ сифатида ўйлаб топилган. Ҳужжат, шунингдек, ядровий давлатларга қуролларини такомиллаштиришни тақиқлаб, ‘вертикал тарқалиш’ни тўхтатишни ҳам назарда тутади».

Шартнома муқаддима, 17 та модда, шунингдек, 2 та илова ва Протоколдан иборат. Келишувнинг 1-моддасида ҳар бир аъзо давлат учун икки мажбурият юкланади: биринчиси, ҳеч қандай ядровий қурол синовини ўтказмаслик ва бошқа ядровий портлашни амалга оширмаслик, шунингдек, ўзининг юрисдикцияси ёки назорати остидаги ҳудудда ҳар қандай ядровий портлашни тақиқлаш, олдини олиш, иккинчиси, ҳар бир аъзо давлат учун ҳар қандай турдаги ядровий синовни ва ядровий портлашни рағбатлантириш ёки унда иштирок этишдан тийилиш.

Имзолаш ва ратификациядаги муаммолар, шартнома статуси

Ядро синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартнома Ташкилотининг (CTBTО) берган расмий маълумотларига кўра, имзолаш ва ратификация қилиши лозим бўлган субъектлар сони 196 та бўлсада, ҳозирга қадар ушбу шартнома 185 та давлат томонидан имзоланган. Шундан 170 та давлат уни ратификация қилган (Ўзбекистон 1996 йил 3 октябрда имзолаган, 1997 йил 29 майда ратификация қилган). Шартнома 11 та давлат томонидан имзоланмаган, 26 та давлат томонидан ратификация қилинмаган. Сўнгги аъзо бўлган давлатлар сифатида Куба (2021 йил 4 февралда имзолаган ва ратификация қилган) ва Комор Ороллар Иттифоқи (2021 йил 19 февралда имзолаган ва ратификация қилган) келтириш мумкин. 

Шартнома 1996 йилнинг 24 сентябрида имзолаш учун очилган бўлсада, бугунги кунга қадар кучга кирмаган. Чунки шартноманинг 2-иловасида шартнома кучга кириши учун уни ратификация қилиши лозим бўлган 44 давлат саналган бўлиб, шундан 36 давлат, шу жумладан, ядро қуролига эга бўлган давлатлар — Буюк Британия, Франция ва Россия томонидан ратификация қилинган. Қолган 8 та давлатнинг 3 таси — «ёш» ядро державалари — Ҳиндистон, Покистон ва Корея Халқ Демократик Республикаси уни имзоламаган, 5 та давлат — АҚШ, Хитой, Миср, Исроил ва Эрон ратификация қилмаган (Мазкур рўйхат Халқаро атом энергияси агентлиги (абб. рус. МАГАТЭ, ингл. IAEA) томонидан шакллантирилган).

Хулоса қилиб айтганда, шартнома кучга кириши учун ратификация қилиши талаб қилинадиган 8 та давлатдан 6 таси «ядро клуби» аъзоси ҳисобланади, яъни амалда ядро қуролига эгалик қилади.

Фото: www.sipri.org

CTBTО, халқаро мониторинг тизими

«Ядро синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисида»ги шартнома кучга киргандан сўнг унинг ижросини таъминлаш ва халқаро мониторингини юритиш мақсадида Ядро синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартнома Ташкилоти — CTBTО (Comprehensive Nuclear-Test-Ban Treaty) тузилади.

Шартноманинг 14-моддасига асосан шартнома 2-иловада кўрсатилган барча давлатларнинг ратификация ёрлиқлари сақлаш учун топширилганидан 180 кун ўтиб кучга киради. 1996 йил 19 ноябрда шартномани имзолаш ва ратификация қилиниши каби ташкилий масалалар билан шуғулланиш CTBTО Тайёргарлик комиссияси тузилган бўлиб, Вена (Австрия) шаҳридаги штаб-квартирасида фаолият юритиб келади. Ушбу комиссия ўз табиатига кўра ўтиш даври ҳисобланиб, шартнома тузилган, CTBTО тузилгандан сўнг унинг биринчи конференциясида тарқатиб юборилади. CTBTО нинг Тайёргарлик комиссияси Ялпи мажлис ва Ўтиш даври техник котибиятидан иборат.

Ялпи мажлис А (бюджет ва маъмурий масалалар), В (текшириш масалалари ўрганиш) ва С (Тайёргарлик комиссиясига молиявий, бюджет ва маҳаллий маъмурий масалалар бўйича маслаҳат) Ишчи гуруҳларидан ташкил топган. Ўтиш даври техник котибияти Тайёргарлик комиссиясига ўз фаолиятини амалга ошириш юзасидан маслаҳатлар беради. Котибият техник масалалар бўйича халқаро мониторинг тизими бўлими, халқаро ахборот маркази бўлими ва жойлардаги текширув инспекциялари бўлимидан иборат. Уларнинг фаолияти юридик ва ташқи алоқалар бўлими томонидан таъминланади. Котибиятга Ижрочи котиб раҳбарлик қилиб, мазкур вазифани бугунги кунда Австралия вакили Роберт Флойд амалга ошириб келмоқда.

CTBTО Тайёргарлик комиссияси биноси, Вена, Австрия
Фото: www.function.mil.ru

«Ядро синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисида»ги шартномани амалга ошириш мониторинги тизими доирасида ядровий синовлар билан боғлиқ муҳим ҳолатларни аниқлаш учун мониторинг станциялари тармоғи яратилмоқда. Жумладан, 50 та асосий ва 120 та ёрдамчи сейсмик станциялар, океанлардаги акустик тўлқинларни аниқлайдиган 11 та гидроакустик станция, жуда паст частотали товуш тўлқинларини аниқлаш учун микробарографлар (акустик босим сезгичлари) фойдаланиладиган 60 та инфратовушли станция, ядровий ёки термоядровий портлашлар натижасида ҳосил бўлган ўзига хос изотопларни аниқловчи 80 та радионуклид станцияси, радионуклид станцияларидан олинган намуналарни таҳлил қилиш учун 16 та радионуклид лабораторияси. 

«RN68 Tristan de Cunha» радионуклид станцияси, Буюк Британия
Фото: www.flickr.com

Барча станциялардан маълумотлар VSAT тармоғи орқали Вена шаҳридаги Халқаро маълумотлар марказига узатилади. Барча иштирокчи давлатларга мониторинг маълумотларига тенг ва тўғридан-тўғри кириш ҳуқуқи берилади.

Қорақалпоғистондаги маҳаллаларнинг ҳар бирига 500 млн сўмдан қўшимча маблағ ажратилади
Янгиликлар18:09 | 30.3.23
Қорақалпоғистондаги маҳаллаларнинг ҳар бирига 500 млн сўмдан қўшимча маблағ ажратилади
«Ўзгидромет» 31 март куни кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди
Янгиликлар17:39 | 30.3.23
«Ўзгидромет» 31 март куни кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди
Ўзбекистон 2023 йили жалб қиладиган давлат қарзининг 29 трлн сўми пенсия ва табиий газ субсидиясига сарфланади
Янгиликлар16:25 | 30.3.23
Ўзбекистон 2023 йили жалб қиладиган давлат қарзининг 29 трлн сўми пенсия ва табиий газ субсидиясига сарфланади
Хитой компанияси Навоий ва Фарғонада қуёш электр станциялари қуради
Янгиликлар15:22 | 30.3.23
Хитой компанияси Навоий ва Фарғонада қуёш электр станциялари қуради
Авлиё Софиядан тортиб Таксим масжидигача: Туркия ибодатхоналари — суратларда
Янгиликлар11:11 | 30.3.23
Авлиё Софиядан тортиб Таксим масжидигача: Туркия ибодатхоналари — суратларда
Ўзбекистонга 2023 йил охирига қадар 20 та замонавий самолёт олиб келинади
Янгиликлар17:52 | 29.3.23
Ўзбекистонга 2023 йил охирига қадар 20 та замонавий самолёт олиб келинади

Муҳим хабарлар

«Ўзгидромет» 31 март куни кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди

17:39 · 30.03.2023

Ўзбекистон 2023 йили жалб қиладиган давлат қарзининг 29 трлн сўми пенсия ва табиий газ субсидиясига сарфланади

16:25 · 30.03.2023

Ўзбекистонда доллар курси икки кунлик пастлашдан сўнг кўтарилди

16:32 · 29.03.2023

Тошкент вилоятида Open Budget’да овоз йиғиш учун мактаб ўқувчиларидан пул йиғилаётгани айтилмоқда

16:13 · 29.03.2023

«Ёшлар» телеканали Қорақалпоғистонни вилоят деб кўрсатгани учун узр сўради

14:01 · 29.03.2023

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 30 март куни ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин

11:30 · 29.03.2023

Ўзбекистонда 1 апрелдан пенсиялар, 1 майдан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг ойликлари ошади

10:57 · 29.03.2023

Ўзбекистонга Қозоғистон орқали 25 минг тонна Россия нефтини етказиб бериш бошланди

16:08 · 28.03.2023

Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятида сел-сув тошқини кузатилиши мумкин

14:10 · 28.03.2023

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 29 март куни ёмғир ёғади

13:11 · 28.03.2023