Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 10 сентябрь куни бир гуруҳ шахслар аёлни ёқиб юбориб, буталар орасига ташлаб кетди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, соат 13:50 Деҳқонобод маҳалласи ҳудудидаги дала майдони четида жинғил буталари орасидан аёлнинг ёқиб юборилган жасади топилган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилган.

Суриштирув давомида номаълум мурданинг шахсига аниқлик киритилиб, ушбу жиноятни С.К. ҳамда унинг жиноий шериклари Л.К., С.М., В.Д. ва Ж.М. содир қилгани аниқланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Маълум қилинишича, ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда фуқаролар мажбурий ижро бюроси ходимларининг устига бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда эркак 2 нафар қариндошини ўлдириб, жасадларини ёқиб юборгани хабар қилинган.