Янгиликлар - 16:41 · 13.09.2021

«Толибон» ҳаракати «Ал-Қоида» раҳбарига ёрдам бергани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

«Толибон» ҳаракати вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда «Ал-Қоида» бошлиғи Айман ал-Завоҳирийга ҳаракат бошпана бергани ҳақидаги хабарларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Homeland Security Today»

Маълум қилинишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ директори Майкл Морелл ал-Завоҳирий Афғонистонда яшаётганини ва «Толибон» ҳаракати ҳимоясида эканини айтган.

«Бу хабар ёлғон. Ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деган Наим.

Эслатиб ўтамиз, Американинг экстремистларнинг ахборот фаоллигини кузатувчи «SITE Intelligence Group» компанияси «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг раҳбари Айман ал-Завоҳирий узоқ сукут сақлаганидан кейин 11 сентябрь теракти содир бўлганининг 20 йиллиги муносабати билан видеороликда чиққанини айтган. Мазкур видеомурожаатда у 2019 йилнинг декабрида АҚШнинг Флоридадаги ҳарбий базасида уч кишини отиб ташлаган Саудия Арабистони аскари Муҳаммад Саид ас-Шамронийни «мақтаган» ва «Қуддус ҳеч қачон яҳудийлик маскани бўлмаслигини айтган». Таъкидланишича, 2021 йил бошида ал-Завоҳирий 2020 йил охирида вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Маълумот учун, мисрлик ал-Завоҳирий 2011 йил июнь ойида ташкилотнинг олдинги раҳбари Усама бин Ладеннинг ўлими ҳақидаги хабарлардан сўнг «Ал-Қоида» раҳбари лавозимини эгаллаган. АҚШ уни 1998 йил 7 августда Кения ва Танзаниядаги АҚШ элчихоналарини портлатиш, 224 нафар тинч фуқарони ўлдириш, 2001 йил 11 сентябрь терактига иштирок этганликда айбланган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракатининг 2 гуруҳи ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати АҚШдаги 11 сентябрь теракти бўйича берган баёноти маълум қилинган.

Bugun — LIVE