Тошкент шаҳрида 11 сентябрь куни йўл-патруль хизмати ходими ўзини тасвирга олаётган ҳайдовчига тилини чиқариб, жамоат жойида сигарет чекди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Қайд этилишича, инспектор А.Жўрақулов хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, Янгиҳаёт тумани ТХАЙ-Бунёдкор кўчалари айланма ҳаракати яқинида «Lacetti» хизмат автомобилининг салонида ухлаб ётган вақтида фуқаро томонидан тасвирга олинган. ЙПХ инспектори автомобилдан тушиб, номақбул ҳаракатлар қилиб, тамаки маҳсулотини истеъмол қилгани видеода акс этган.

«Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда», дейилади бош бошқарма изоҳида.

Аввалроқ Жиззахда ЙПХ ходими ҳайдовчига алкотестер ўрнига елим идиш бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда «оёғи ердан узилган» ЙПХ ходими ҳайдовчига сўкингани ҳақида хабар берилган.