Андижон шаҳрида 14 сентябрь куни ички ишлар ходимлари фуқарони калтаклагани ҳақидаги видеоматериаллар тарқалганди. «Bugun.uz» мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси ва шаҳар прокуратураси ахборот хизмати билан боғланди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда Андижонда ички ишлар ходимлари фуқарони калтаклагани айтилган видеолавҳа тарқалган. Блогер Нурбек Алимов ҳолатга муносабат билдириб, «Damas» машинасидаги ходимлар фуқарони урганини, ҳозирда прокуратура ҳолатни ўрганаётганини билдирган.

Бундан ташқари, журналист Баҳодир Аҳмедов ўз Telegram каналидаги постида ҳолат бўйича ИИВ текширувчиларига ҳам, уларнинг баёнотларига ҳам ишонмаслигини, масалани Бош прокуратура ва Омбудсман холис ўрганиши кераклигини айтиб, «Андижон ИИВни яхшилаб тартибга келтириш вақти келганини» таъкидлаган.

Қайд этилишича, ҳуқуқшунос Зафар Солижонов прокуратура вазиятни ўз қўлига олишига ишонишини айтиб, «ўзбошимча ходимлар» жазосиз қолмаслиги кераклигини ёзган.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳамда Андижон шаҳар прокуратураси ахборот хизмати «Bugun.uz» мухбирига ҳолат бўйича изоҳ бериб, видеохабарда акс этган ҳолатлар юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилаётганини, масъул ходимлар хизмат текшируви ўтказаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийда ИИБ ходимлари ногирон аёлни ургани айтилганди. Шунингдек, Хоразмда ИИБ ходимлари фуқарони куч ишлатиб олиб кетгани ва Тошкент вилоятида ички ишлар ходимлари ва депутатлар ўртасида жанжал юзага келгани маълум қилинган.