Андижон шаҳрида 12 сентябрь куни «Spark» пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган икки нафар вояга етмаган қизни уриб юборди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, шу куни соат 16:00 атрофида шаҳарнинг Бобур шоҳ кўчасида жойлашган «Абу сахий» савдо дўкони яқинида ҳайдовчи Ф.Н. «Spark»ида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган 2005 йилда туғилган М.Б. ва 2011 йилда туғилган М.А.ни уриб юборган.

Оқибатда иккала пиёда ҳам тан жароҳати олиб, вилоят шифохонасига ётқизилган. Ҳолат юзасидан шаҳар ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда «Forza» вояга етмаган болани уриб, бир неча метрга улоқтириб юборгани, Сурхондарёда юқори тезликдаги «Matiz» 12 ёшли қизни уриб юборгани ва Наманганда «Жигули» йўлни кесиб ўтаётган 3-синф ўқувчисини уриб кетгани хабар қилинган.