5 сониялик факт: Ҳозирда Қуёш системасидан ташқарида 5 мингга яқин экзосайёра аниқланган.

Фото: «Wikimedia»

Мулоҳаза учун 55 сония: Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, «сайр» ва «сайёра» сўзлари орасида қандай боғлиқлик бор? Уларнинг ҳар иккаласининг моҳиятида «ҳаракатланиш» деган тушунча ётади. «Сайёр дўкон» — кўчиб юрувчи, ҳаракатдаги дўкон дегани, «сайёр қабул», «сайёр цирк» кабилар ҳам шулар жумласидан.

Нимага Меркурий, Марс ва бошқаларни қадимгилар «сайёра» дейишган? Сабаби оддий: бошқа юлдузлар тунги осмонда бир-бирига нисбатан ҳаракатланмаган, балки умумий фон сифатида айланган. Уларни қўзғалмас юлдузлар дейишган. Сайёралар эса, ушбу ҳаракатсиз, қўзғалмас юлдузларга нисбатан йил давомида ўз жойини ўзгартириб турган, яъни улар доимий ҳаракатда бўлган. Қадимги мунажжимлар ҳали телескоп йўқ замонларда осмонни фақат кўз билан кузатишгани сабабли қуролланмаган кўз билан кўриб бўлмайдиган сайёраларни кўра олишмаган ва шу сабабли улар осмонда фақат 5 та сайёра бор, деб ўйлашган (Миррих, Уторуд, Зуҳал, Зухро, Муштарий).

Умуман олганда, авваллари, 7 рақамида қандайдир «хислатлар» бор деб ишонган одамлар, «етти пир», «етти мўъжиза» қаторида осмонда ҳам етти сайёра бор деб ўйлашган. Улар, шунчаки, юқорида айтилган 5 та ҳақиқий сайёрадан ташқари, яна Ой ва Қуёшни ҳам сайёра деб ўйлашган. Кейинчалик, ўрта асрларга келиб, астрономлар биз яшаётган замин — Ер ҳам ўзи бир сайёра эканини тушуниб етишган.

Шу тариқа, энди фанда осмонда 6 та сайёра бор, деб қарала бошлаган. Улардан энг олисдагиси — Сатурн бўлиб, ундан нарини шунчаки одам кўзи кўра олмаган ва ўша замондаги телескопларнинг ҳам ундан олис масофаларни яқинлаштириб кўрсатишга кучи етмаган. Шу сабабли то 1781 йилга қадар, яъни Герцҳел томонидан Уран сайёраси кашф қилинмагунича одамларнинг сайёралар ҳақидаги билимлари шу 6 та сайёра билан чекланган.

Асосий қисм, 4 дақиқа: 1781 йилда Герцҳел Уранни, 1843 йилда Левере Нептунни кашф этгач, биз билган сайёралар сони 8 тага етди. Албатта, кейинчалик Плутон кашф этилди ва бир муддат астрономлар сайёралар сонини 9 та деб ҳам юришди. Лекин 2006 йилда Плутон сайёралар сафидан «қувилди», яъни, у бошқа туркумга (митти сайёралар синфига) киритилди ва шу тариқа, Қуёш системасида сайёралар сони 8 та деган қатъий илмий тасдиқ шаклланди.

Бироқ юқорида айтилганлар ўз номи билан фақат Қуёш системасига тааллуқли бўлиб, Коинотда Қуёшдан ташқари яна триллионлаб юлдузлар борлиги ва уларнинг атрофида ҳам ўз сайёралари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр астрономларда анча йиллардан бери мавжуд эди. Албатта, назарий жиҳатдан, бу саволнинг жавоби тайин эди. Чунки, биргина Ферми парадоксининг ўзига таянилса ҳам, Коинотда бошқа юлдузлар атрофида ҳам триллионлаб сайёралар мавжуд бўлиши лозим эди.

Лекин фан фақат назария билан чегараланмайди. Айниқса, астрофизика каби аниқ фан соҳасида, амалий тасдиқ учун бевосита ёки билвосита далиллар талаб этилади. Шу сабабли, ўзга юлдузлар тизимида ҳам сайёралар мавжудлигини исботланишини анча пайт кутишга тўғри келди. Фақатгина 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошига келибгина илм-фан тараққиёти ўзга юлдуз системаларидаги сайёраларни аниқлашга имкон берадиган даражага чиқди. Шундай қилиб, аввалига 1992 йилда нейтрон юлдуз атрофида айланадиган дастлабки Қуёш системасидан ташқаридаги сайёра аниқланди.

Фото: «European Space Agency»

Айтганча, Қуёш системасидан ташқаридаги, яъни бошқа юлдузлар атрофида айланадиган бундай сайёраларни «экзосайёралар» дейилади. Бу ўша, биз билган «сайёра» терминига «экзо» олд қўшимчаси билан ясалган термин бўлиб, бу олд қўшимчанинг маъноси «бизга тааллуқли бўлмаган» деганидир. «Экзотик мевалар» масалан, бизда ўсмайдиган мевалар бўлгани сингари, экзосайёралар ҳам, бизнинг системага тегишли бўлмаган сайёралардир.

Ўша 1992 йилда дастлабки экзосайёра аниқлангач, кейинги йилларда бу борадаги кузатув ва тадқиқотлар жуда кенг авж олиб кетди. Жаҳоннинг энг йирик расадхоналари, атрофида сайёралар мавжуд бўлиши тахмин қилинган турли юлдузларни синчиклаб кузата бошлашди. Экзосайёраларни кашф қилишда энг асосий усул «транзит усули» бўлиб, бу дегани, юлдуз атрофида сайёра мавжуд бўлса, у ўша юлдуз қаршисидан ўтаётганда, Ердан кузатганда ўша юлдузнинг спектрал интенсивлиги ўзгаради, яъни соддароқ айтганда, юлдуз сал хира тортади, чунки унинг нурларини сайёра тўсиб қўяётган бўлади.

1995 йилда олимлар Диде Келоз ва Мишель Майор томонидан тарихда илк бора Қуёш туридаги юлдуз яқинида ҳаракатланадиган экзосайёрани аниқлашди. Шундан сўнг, бундай экзосайёраларнинг очилиши оддий ҳол бўлиб қолди ва бугунги кунгача 5 мингга яқин (аниқроғи, 4834 та) экзосайёра аниқланди. Шундан 3572 таси сайёралар системаси ҳосил қилган бўлиб, 795 та системада сайёралар сони камида иккитани ташкил қилиши аниқланган.

Фото: «ESO»

Шуни айтиш жоизки, экзосайёраларнинг хилма-хиллиги астрофизикларни шошириб қўймоқда. Қуёш тизимининг ўзида сайёраларнинг икки хили бор эди холос, яъни Ерга ўхшаш, қаттиқ жинсли сайёралар ва Юпитерга ўхшаш газ гигантлари таснифланарди. Экзосайёраларнинг эса бутунлай бошқа турлари ҳам бисёр. Хусусан, улар орасида нуқул суюқликдан иборат планета-океанлар, ўз юлдузига шунчалик яқинлигидан, сирти билқиллаб қайнаб турган «қайноқ-Юпитер» сайёралари ва ҳоказолари бор.

Экзосайёраларни шунча кашф қилингани билан астрономлар олдида муҳим иккита савол кўндаланг қолмоқда: биринчидан, нега ҳанузгача Қуёш системасига ўхшаш сайёралар системаси кашф қилинмади? Иккинчидан, экзосайёраларда ҳаёт мавжуд бўлиши мумкинми?, — деган саволлар кун тартибида асосий масала бўлиб қолмоқда.

Шунга қарамай, экзосайёраларнинг кашф қилинганининг ўзи ҳозирги илм-фан учун ғоят улкан илғор қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, ҳатто 90 йилларга қадар ҳам, бошқа юлдузлар атрофида сайёралар мавжудлигига катта шубҳа бор эди ва мана, ҳозирда ушбу савол кун тартибидан аллақачон олинди. Лекин эндиликда, бошқа саволлар янада кўпаймоқда.