«Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон олийгоҳларида киришда қабул квоталарини олиб ташлашни таклиф қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Сиёсатчи қабул квоталари олиб ташланиши туфайли олийгоҳларда тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабалар сони кўпайтирилиши ва бу қандай қилиб контракт нархларини тушириши мумкинлигини айтди.

«Контракт суммаси икки асосий омил — олий таълим муассасасининг моддий-техник базаси харажатлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига йўналтирилади. Олий таълим муассасасининг моддий-техник базаси харажатлари деярли ўзгаришсиз, яъни иситиш, таъмирлаш, тозалаш, қўриқлаш, ободонлаштириш 100 талабага ҳам, 300 талабага ҳам бир. Фақат электр таъминоти, қишда ёритиш ва жазирама ёз даврида кондиционер ишлатишда ортиши мумкин. Гуруҳлар сонидан келиб чиқиб эса профессор-ўқитувчиларнинг штатини ва дарслар учун ‘ставка’ларини ошириш лозим бўлади. 

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, олий таълимдан квоталар йўқотилса, яъни паст балл тўплаганлар ҳам тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинсалар, юқоридаги харажатларни кўтарувчи манбалар ортади ва контракт нархи ўз-ўзидан пасаяди», — деди Баҳром Абдуҳалимов.

Аввалроқ «Адолат» партиясидан президентликка номзод тасдиқлангани ва партия Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари кодексини жорий қилиши мумкинлиги айтилганди.