Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь, сешанба куни Халқаро молия корпорацияси делегацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев Халқаро молия корпорацияси бошқарувчи директори Махтар Диоп бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув аввалида давлат раҳбари таркибида ХМК ҳам фаолият кўрсатувчи Жаҳон банки гуруҳи билан самарали ҳамкорлик изчил ривожланаётгани ва стратегик шериклик мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Очиқ ва конструктив мулоқот, ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга ўзаро интилиши туфайли Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокидаги қўшма лойиҳаларнинг портфели 5 миллиард долларга етган ҳамда мамлакат иқтисодиётининг барча устувор соҳалари ва тармоқларини қамраб олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2016 йилда мамлакатда ХМК фаолияти қайта тикланган. Ўтган даврда корпорация амалиётларининг ҳажми уч баробар ортиб, қарийб 200 миллион долларни ташкил этган. Бугунги кунда давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш, транспорт соҳасини модернизация қилиш, банк секторини трансформация қилиш, микромолиялаш институтларини ислоҳ қилиш, тўқимачилик тармоғига халқаро стандартларни жорий этиш ва бошқа йўналишларда муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Музокаралар чоғида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш ва жараёнларни рақамлаштиришга доир дастур ва лойиҳаларда ХМКнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, тадбиркорлик соҳасида бизнесни молиялаштиришнинг самарали механизмларини, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантиришдаги илғор тажрибани жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда «яшил технологиялар»ни татбиқ этиш, шу жумладан, энергетика ва қишлоқ хўжалигидаги инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланди.

Қўшма «йўл харита»сини тайёрлаш ва мунтазам экспертлик учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосарини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашган.