Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эсенмират Оразгелдиевни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон–Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилган. Эсенмират Оразгелдиев Ўзбекистон етакчисига қабул учун миннатдорлик билдирган ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломини етказган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик ва сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма ҳукуматларларо комиссиялар йиғилишларининг асосий натижалари тўғрисида маълумот берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўтказиладиган саммитга пухта ва ҳар томонлама тайёргарлик кўриш, энг аввало, мазмунли кун тартибини шакллантириш, шунингдек, иқтисодий кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш муҳим экани таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Покистон ташқи ишлар вазирини қабул қилгани хабар қилинган. Шунингдек, Президент АҚШ президенти маслаҳатчиси ҳамда БМТ бош котиби ўринбосари билан кўришгани ва Шавкат Мирзиёев Озарбайжон бош вазири ўринбосари билан кўришгани маълум қилинган.