«Толибон» ҳаракати тайинлаган янги ҳукуматнинг бош вазири ўринбосари Абдулғани Бародар ва миграция масалалари вазири Халил ал-Раҳмон Ҳаққоний ўртасида низо келиб чиқди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Alamy»

Маълум бўлишича, улар Кобулдаги ҳукумат таркиби борасида жанжаллашган. Таъкидланишича, президентлик саройидаги бу можаро икки томон тарафдорлари ўртасидаги жанжалга айланиб кетган.

Бародар ҳукуматнинг барча аъзолари «Толибон» ҳаракатининг расмий «юзи» сифатида кўрсатилишини истамаган. Бундан ташқари, у ҳукуматда барча этник гуруҳларга, шунингдек, аёлларга ҳам жой берилиши кераклигини таъкидлаган. Қайд этилишича, воқеа оқибатида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Абдулғани Бародар хафа бўлиб, Кобулдан Қандаҳорга жўнаб кетган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракатининг 2 гуруҳи ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлганди. Шунингдек, «Толибон» етакчилари ўртасида ўзаро кураш бошлангани маълум қилинган.