Тошкент шаҳридаги метробекатлардан бирида 13 сентябрь куни шубҳали целлофан пакет топилгани ҳақида хабар тарқалганди. Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, ҳолат Тошкент метрополитенининг «Пахтакор» бекатида 13 сентябрь куни соат 16:34 да юз берган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, метрополитенда эгасиз қолдирилган целлофан пакет топилган. Уни текшириш мақсадида махсус гуруҳга хабар берилаётган вақтда 2000 йилда туғилган Қашқадарё вилоятида яшовчи Б.И. исмли шахс келиб, целлофан пакет унга тегишли эканини, шошиб қолдириб кетганини маълум қилган ва келгусида бу каби ҳолатга йўл қўймаслиги ҳақида тилхат ёзиб, ўзига тегишли буюмни олиб кетган.

Қайд этилишича, сариқ рангли целлофан пакет ичида фуқаро Б.И.га тегишли эркаклар кийим кечаклари бўлгани маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда метроларнинг бирида шубҳали буюм топилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентдаги «Малика» бозори олдидан шубҳали сумка топилгани маълум қилинган.