Хитойга кучли «Чанту» тўфони ёпирилди — видео
Табиий ҳодиса оқибатида 330 минг киши эвакуация қилинган
Хитойнинг шарқий соҳилларига кучли «Чанту» тўфони ёпирилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Маълум қилинишича, Шанхайда 24 соат давомида ёмғир ёғиши тинмаган. Табиий ҳодиса оқибатида 330 мингдан ортиқ одам қирғоқ бўйидаги ҳудудлардан эвакуация қилинган. Шунингдек, Шанхайдаги сайёҳлик объектлари ёпилган ва ишловчиларга ёмон об-ҳаво шароитида масофали ишлаш режимига ўтиш маслаҳат берилган. Шанхай ва қўшни вилоятлар ҳукумати парвоз ва поездларни бекор қилиб, болаларни уйларига жўнатган. Ҳукумат, шунингдек, шаҳарнинг жанубий туманларига хизмат кўрсатадиган баъзи йўналишларда жамоат транспорт ҳаракатини ҳам чеклаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бу тайфун Тайваннинг шарқий соҳилига ёпирилганди ҳамда транспорт ҳаракатини тўхтатиб, электр таъминотида узилишларга олиб келганди.
Аввалроқ АҚШга «Айда» тўфони ёпирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Хитойда сув тошқинлари оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани маълум қилинган.