Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги 17-сонли жазони ижро этиш колониясида маҳбус М. калтакланиб, тишлари синдирилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқда тарқалди. Омбудсманнинг минтақавий вакили Зебунисо Муҳаммедова жойига чиқиб, воқеани ўрганди.

Фото: «Sputnik»

Қайд этилишича, ўрганиш жараёнида 17-сонли колонияда М. исмли бир неча маҳкум жазо муддатини ўтаётгани, улар орасида Фарғона вилоятидан фақат бир нафар маҳкум М.Б. борлиги аниқланган.

Ушбу маҳкум суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми билан айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2019 йилнинг 28 июль кунидан 17-сонли ЖИEКда жазо муддатини ўтаб келмоқда. Ҳозирда колониянинг ғишт ишлаб чиқариш цехида ишламоқда.

Омбудсманнинг минтақавий вакили Зебунисо Муҳаммедова маҳкум М.Б. билан шахсан учрашиб, суҳбат ўтказганида у хабарда ёзилган маълумотларни тасдиқламаган. Маҳкум М.Б.нинг сўзларига кўра, колония ходимлари томонидан унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган, ҳеч ким томонидан калтакланмаган ва тишларига ҳам зарар етказилмаган.

Шунингдек, у колонияда унга нисбатан яхши муносабатда бўлинаётганини, зарур бўлганда, тиббиёт бўлими ходимлари томонидан керакли муолажалар қилиниб, дори-дармонлар берилаётганини ҳамда ойлик маошларини ўз вақтида олаётганини қайд этган.

Ижтимоий тармоқда тарқатилган мазкур хабар юзасидан ўтказилган ўрганиш ишлари давомида маҳкумнинг танасида ва оғиз бўшлиғида ҳам қийноқ аломатлари топилмаган. Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакили колонияда жазо муддатини ўтаётган 5 нафар маҳкум билан ҳам яккама-якка тарзда суҳбатлашган. Суҳбат жараёнида улар томонидан ҳам ижтимоий тармоқда тарқатилган мурожаатда қайд этилган ҳолатлар тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Жазони ижро этиш департаменти Қоровулбозор туманидаги 17-сонли жазони ижро этиш колониясида ходимлар маҳкумларга тазйиқ ўтказаётгани айтилган хабарга муносабат билдирганди. Маълум қилинишича, олиб борилган ўрганишлар давомида хабарнинг ҳақиқатдан йироқ экани аниқланган.