16:39 | 15.09.21 117

Фарғонада заҳарланган блогер вафот этди

Вилоят ССБ бошлиғи унинг ўлими юзасидан видеобаёнот берди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи блогер Иқбол Комилжоновни танқидий материаллар тайёрлаб, эълон қилиб боргани учун заҳарлашгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар тарқалганди. «Bugun.uz»нинг ҳудуддаги мухбири ҳолатни ўрганиб, унга ички заҳарланиш ташхиси қўйилгани ҳақида хабар берганди. Блогер 15 сентябрь куни вафот этгани маълум қилинди.

Фото: Ҳусан Мамажоновнинг шахсий архивидан

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов унинг ўлими тафсилотларининг бир қисмини маълум қилди.

«Иқбол Комилжонов 8 кундан бери касаллик билан курашишимизга қарамасдан вафот этди. Ҳозирги кундаги барча диагностик даволаш ишларини амалга оширдик. Афсуски, касаллик ўз кучини кўрсатиб, ватандошимиз вафот этди. Иқбол Комилжонов 7 сентябрь куни оғир аҳволда шифохонага келиши билан реанимацияга олинганди. Унга икки томонлама пневмония, қандли диабетнинг 2-тури, юрак ишемик касаллигининг иккинчи тури ҳамда нафас ва қон айланиш тизимининг бузилиши ташхиси қўйилганди», — дейди Ҳусан Мамажонов.

Қайд этилишича, Иқбол Комилжонов ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги муаммоларни, камчиликларни ёритиб бориши билан танилган. Блогер касалхонага тушган вақтида унга овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Беморнинг яқинларига кўра, у Фарғона вилояти шифохонаси реанимация бўлимида 4 кундан буён кома ҳолатида қолётганди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Комилжонованинг ўзи блогерни ўғли ва жиянлари билан шифохонага жойлаб кетган.

«Биз шифохонага топширганда укамнинг қорин соҳасида оғриқ бор эди, лекин ҳуши жойида эди, гапираётган эди. Кечга бориб бирданига оғирлашиб қолган. Бунга нима сабаб, тушунмаяпмиз. Шифокорлар ичакларида муаммо кузатилаётганини тушунтирди», — дейди блогернинг опаси.

Таъкидланишича, шифокорлар Иқбол Комилжоновга ковид ва қандли диабет касалликлари бўйича ташхис қўйган. Беморнинг яқинлари шифокорлардан тиббий экспертиза ўтказишни талаб қилган, бироқ улар буни кескин рад этган. Шоира Комилжоновага шифокорлар беморнинг ички аъзолари секин-аста сўниб, аҳволи ўта оғир ҳолда қолаётганини маълум қилганди.

Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» мухбири бемор даволанаётган вилоят кўп тармоқли шифохона шифокори Элмурод Йўлчиев билан ҳам суҳбатлашганди.

«Бемор олти ой олдин бир қанча муддат Россия Федерациясида бўлиб қайтган. Унинг яқинлари заҳарланган деган масалани қўйяпти. Беморда қандли диабет хасталиги бўлган. ‘Сахар’и бор одамнинг қон плашкалари тўлиб қолади. Сўнг танани баъзи аъзоларида чириш бошланади. Ана шу чиришнинг орқасидан заҳар чиққан, бемор ўзини-ўзи заҳарлаган. Яъни касаллик организмни заҳарлаяпти. Бу ички заҳарланиш, у ташқаридан тушмаган. Қолаверса, бемор яқинда ковид ҳам бўлиб ўтган экан. Инфекция ўпкага ўтиб, икки томонлама пневмония ривожланган. Танадаги барча хасталиклар бирлашиб, бош мияга ишемия беряпти. Бош толалари қурияпти», — дея таъкидлаганди шифокор.

Шундан сўнг, бемор сунъий нафас олётгани, овқат бериш ҳам сунъий йўл билан амалга оширилаётгани ва кислородга улаб қўйилгани маълум қилинди.

Шунингдек, итимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси раҳбари Шоҳид Аслонов шахсий саҳифасида пост қолдирди. Унга кўра, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хабарлар мутлақо асоссиз.

«Вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов билан бирга Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт муассасасида даволанаётган И.Комилжоновнинг аҳволидан хабар олгани бордик.

Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хабарлар мутлақо асоссиз эканлиги маълум қилинди. Бемор кўп йиллардан буён қандли диабет билан курашиб келган. Ушбу касаллик фонида коронавирус инфекциясига чалиниб, беморда турли сурункали касалликлар авж олган ва шунга қарши тегишли муолажалар қилинмоқда», — дея ёзганди Аслонов.

Аввалроқ Андижонда эркаклар 5 ойлик келинни зўрлагани ҳақида видео тайёрлаган блогер жазолангани айтилганди. «Bugun.uz» мухбири блогер ва вилоят суди билан боғланиб, ҳолат юзасидан маълумот олганди.