Наманган вилоятида 11 сентябрь куни «Nexia» йўл четига чиқиб, ағдарилиб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Пунгон–Наманган йўлида шу куни соат 06:30 атрофида Чуст туманида яшовчи 27 ёшли фуқаро «Nexia»ни ҳайдаб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Оқибатда машина йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, ағдарилган. Қайд этилишича, автомашинада бўлган йўловчи — Чуст туманида яшаган, 1981 йилда туғилган фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, ҳайдовчи бош мия ёпиқ шикасти, бош мия эзилиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Машинада бўлган 63 ёшли яна бир йўловчи эса чап ўмров суягининг ёпиқ синиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Ҳолат бўйича Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Андижонда 16 ёшли йигит бошқарувида бўлган «Matiz» ағдарилиб кетгани, Жиззахда «Cobalt» ағдарилгани ва Сурхондарёда «Cobalt» уриб юборган «Matiz» ағдарилиб кетгани хабар қилинган.